Қонунийлик – жамият эҳтиёжи

Жамият энг аввало, фуқаролар, яъни Сизу биз. Фуқаронинг биринчи эҳтиёжи эса эркин яшашдир. Ҳар бир давлат ва жамиятда бу эҳтиёжни қондириш йўлини унинг Конституцияси белгилайди ва кафолатлайди.

Ўзбекистон Конституцияси ана шундай шарафли ишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, у давлатнинг ижтимоий ва давлат тизимини, сайлов тизимини, давлат органларининг ташкил этилиши ва фаолиятини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ҳам белгилаб беради.

Конституциянинг қудрати шундаки, мамлакат ҳудудида унинг принципларига зид қонун қабул қилиниши мумкин эмас. Чунки унинг ҳар бир моддаси умумхалқ муҳокамасидан ўтгандан сўнг қабул қилинган. Шу боис бизда Конституция – бахтимиз қомуси, деган ибора бор.

Конституция яратилажак қонунлар ғоясини белгилаб бериш баробарида мамлакат ҳудудида тараққиётга ҳам йўл очиши, яъни фуқаронинг эҳтиёжини қондириб бориши зарур. Биз буни давлатимиз сиёсатидаги ижобий ўзгаришларда кўриб, билиб турибмиз.

Мисол учун, инсон қадри ва эркинлигини таъминлашдаги давлат сиёсатини олиб қаранг. Бугун Ўзбекистон фуқароси мамлакатнинг истаган ерида яшаши, ишлаши, шахсий мулк яратиши мумкин. Муаллим, илм аҳли қадр-қимматини кўтариш бўйича амалга оширилган ишлар аҳоли томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Ҳар бир соҳадаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, уларни халқаро мезонларга мослаш борасидаги ҳужжат ва қонунлар, аввало, шу соҳада ишлаётган фуқаролар эркин фаолиятини ҳам таъминлайди.

Жамиятдаги тенглик, адолат ва қонун устуворлиги Конституция амалининг, салоҳиятининг нишонасидир. Бинобарин, ногиронларни, кўп болали оилаларни, камбағалларни қўллаб-қувватлашга оид тадбирлар тенгликни таъминлашда дадил қадамдир. Гендер тенглигида халқаро мезонларнинг қўлланиши, аёл ҳимояси йўлидаги чоралар ҳам шулар жумласидандир. Айниқса, мухожирлар масаласида Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан ҳам маъқулланмоқда.

Инсоннинг эрки, энг аввало унинг жамиятга ўз фикри, эҳтиёжини айта олишида кўринади. Бу жиҳатдан одилона назар ташласак, кейинги йилларда мамлакатда инқилобий ўзгаришларга қўл урилди. Энди жамиятнинг ҳар бир аъзоси истаган пайтида давлат идораларига мурожаат қилиши, шикояти ижросини талаб этишига имкон яратилди. «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши» давлат сиёсатининг асосий шиорига айланди. Сайёр қабуллар ва секторлар давлатни халқ ҳаётига, халқни эса давлат олиб бораётган ислоҳотларда фаол қатнашишга яқинлаштирмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг бугунги нуфузи унда ва янги қонунларда жамиятдаги барча сиёсий кучлар функцияларининг очиқ-ойдин, реал белгилаб берилаётганидир. Парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколати халқ фикри билан ҳисоблашиш муҳитини яратмоқда. Халқ вакиллари ўз анжуманларида аҳоли қўяётган талабларни, муоммоларни кўтариш баробарида ижро органлари томонидан бу масалалар тўла ечилишига эришмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси халқчиллиги билан ҳам ажралиб туради. Чунки ундаги нормалар миллий менталитетимиз руҳи билан суғорилган. Мен Бош Қомусимиздаги ота-онага, бошқа миллатлар тилига ҳурмат, миллий меросимизга, тарихий обидаларга муносабат ҳақидаги нормаларни назарда тутяпман.

Конституциянинг энг катта кучи бу унинг мамлакатда ҳақиқий амал қилишида. Бу жиҳатдан олганда Ўзбекистон Конституциясининг нуфузи, қадри кундан кунга ортиб бормоқда. Бунинг сабаби, халқаро ҳамжамиятда давлатимизнинг рейтинг кўрсаткичлари яхшиланиши, эътироф этилиши, Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши билан боғлиқ. Аммо бу ҳолат жамиятимиз аъзоларига янги масъулиятлар ҳам юклайди. Бу масъулиятнинг энг шарафли ва машаққатлиси ҳар бир шахсда Ватан, эл тақдири учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, учинчи ренессанс даврига тамал тоши қўйишга интилиш, «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остида яшашдан иборат. Бунёдкор элимиз бундай улуғвор ишларни ҳам уддалашига шубҳа йўқ.

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.