Қоракўлчилик ривожида қандай тўсиқлар бор?

- Чўл ва яйлов чорвачилигининг истиқболлари қандай бўлади?

- Илм-фанни амалиётга татбиқ этишда қандай муаммолар мавжуд?

- Хўжаликларда чорва наслини яхшилаш, зотларни кўпайтириш ва улардан сифатли хомашё олиш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

- Олимларнинг илмий изланишари натижасида келиб чиқадиган хулосалар нималарда акс этади?

Самарқанд шаҳридаги Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг 90 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда шу каби саволларга жавоб изланди.

Икки кунга мўлжалланга конференцияда юртимиз олимлари билан биргаликда Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина давлатларидаги қоракўлчилик бўйича мутахассислар онлайн иштирок этиб, соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида фикр алмашди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда республикамизда 6 миллиондан зиёд қоракўл қўйлари боқилмоқда ва 17 миллион гектар қоракўлчиликда фойдаланиладиган майдоннинг 25 фоизи инқирозга учраган.

- Конференцияда юртимизда ташкил этилган 45 та қоракўлчилик кластерлари вакилари ҳам иштирок этиб, соҳа ривожидаги муҳим янгиликлардан хабардор бўлишмоқда, - дейди республика қоракўлчилик уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Дилшод Исматов. – Яъни, илм-фанни ишлаб чиқаришга интеграциялаштиришга эътибор қаратилмоқда. Олимлар томонидан қилинган илмий ишлар амалиётга татбиқ этилмасдан қолиб кетган. Конференцияда шу каби ишларнинг самарадорлиги ўрганилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилаётган қоракўлчилик кластерлари ҳудудлардаги субъектларни жалб қилган ҳолда 100 мингта қўй жамлашлари лозим. Соҳага ишлаб чиқариш субъектларини жалб этиш орқали тери, гўшт етиштириш, жун тайёрлашни ривожлантириш масалаларида олимларнинг маслаҳатлари асосида, қайси соҳа кўпроқ даромадлилигини аниқлаш учун олимлар билан чўпонларни учраштирдик. Олимларнинг илмий ишларини чўпонларга етказиш мақсад қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, мазкур институтда ҳозиргача 15 нафар профессор ва фан доктори, 200 дан ортиқ фан номзоди етишиб чиқди. Кейинги 45 йилда институтда 40 га яқин қоракўл қўйларининг сермаҳсул завод турлари, 16 та чўл ўсимлик нави яратилган ва 70 дан ортиқ патент олинган.

Конференция доирасида наслли қоракўл қўйлари ва қоракўлчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Конференцияда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Абилов иштирок этди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.