Қоракўлда “Қизил китоб”га киритилган балиқлар овланди
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Олот туман инспекцияси инспекторлари томонидан тезкор экологик рейд тадбири ўтказилди.
Ушбу ўтказилган рейд давомида Қоракўл туман Пойкент МФЙда яшовчи фуқаролар Ҳ.М, Ҳ.Р,С.Ф,Р.Б лар томонидан Олот тумани Баҳористон ҳудудига қарашли туманлараро коллектордан қўлбола усулда тайёрланган воситалар ёрдамида балиқ овлаш билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолати содир этилаётган вақтда тўхтатилди.
Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу қонунбузарлик давомида юқорида қайд этиб ўтилган шахслар томонидан 3 дона оқ амур балиғи, 13 дона оқ кўз балиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоби"га киритилган, йўқолиб бораётган 3 дона туркистон мўйловдори овланган.
Қонунбузар фуқаролардан ов жараёнида фойдаланилган икки дона қўлбола овлаш воситаси, бир дона резина қайиқ, электр симлар олиниб, ушбу буюмлар ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жиноят аломатлари борлиги сабабли Олот туман Ички ишлар бўлимига топширилди.