Қорамол, қўй ва эчкига тегишли бўлмаган 1,6 тоннадан ортиқ гўшт тўхтатиб қолинди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги «Сангзор-15» ЙПХ масканида вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари «Киа бонго» русумли юк машинасини тўхтатиб текширганларида, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 1 минг 679 килограмм гўшт олиб кетилаётганини аниқладилар. Бу ҳақда "Postda" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, суриштирув давомида Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган ҳайдовчи Ж.В. гўштни Тошкент шаҳрида нотаниш шахслар қабул қилиб олишини, лекин маҳсулотнинг нима мақсадда ишлатилишини билмаслигини маълум қилди.
Эътиборлиси, қоп ва полиэтилен пакетларга жойланган қўланса ҳидли гўшт таркибидан бирорта ҳам суяк топилмади. Бу ҳолат этнинг қайси ҳайвонга мансублигини аниқлашни қийинлаштиради. Аммо маҳсулот қорамол, қўй ва эчкига тегишли эмас, деган хулосага келинган.
Айни вақтда гўшт маҳсулоти Жиззах шаҳридаги музхонада сақланмоқда. Мутахассислар маҳсулотнинг сифатини аниқлаш, хусусан, касаллик уйғотувчи омиллар бор-йўқлиги нуқтаи назаридан таҳлилдан ўтказишяпти.