Қорасувдаги ариқдан оққан қизғиш сув ҳолати аниқланди
Уни юзага келтирган автомобилларни ювиш шохобчаси фаолияти тўхтатилди
Кеча, 27 январь куни телеграм каналимизда Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги ариқда қизил рангли чиқинди суви оқаётганлиги ҳақидаги хабар берилган эди. Ҳолат жойида ўрганилган ва Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти ташкилоти томонидан муносабат билдирилди.
Унда ёзилишича, ҳолат Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Самарқанд бўлими ҳамда давлат санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари ҳамда Қорасув массивидаги 81-мактаб маъмурияти иштирокида кўриб чиқилган.
"Ўрганиш давомида, Қорасув маҳалласи ҳудудида фуқаро Ш.Н. (ФИШ ўзгартирилди) ноқонуний равишда, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан автомобилларни ювиш шохобчаси қуриб, фаолият юритаётгани маълум бўлди. Ариққа ташланган қизғиш рангдаги сув эса автомобилларни ювишда қўлланиладиган оқ ва қизил рангли, ҳидсиз пена кимёвий воситаси суюқлиги эканлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолат жойида бартараф этилди ва тегишли назорат идоралари вакиллари томонидан хусусий тадбиркорга нисбатан чора кўрилиб, автомобилларни ювиш шохобчаси фаолияти тўхтатилди. Фуқаро томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва чиқинди сувнинг канализация тармоғига уланиши юзасидан таъмирлаш, тиклаш ишлари бошлаб юборилди", дейилади жавоб хатида.