Қорасувдаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган кўп қаватли уйнинг олд томони ва у ерда ноқонуний равишда қурилган "навес" бузиб ташланди

Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан ҳудудларда режали назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар жараёнида Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида жойлашган “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 186-сонли кўп қаватли уй олд томони фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ва у ерда ноқонуний равишда навес (соябон) қурилгани аниқланди.
Шунингдек, массивдаги Баҳодир Ялангтўш номли маҳалладаги 118-сонли кўп қаватли уй олдида ҳам айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан навес ва зинапоялар қурилгани, умумий фойдаланишда бўлиши лозим бўлган кўп қаватли уйга туташ майдонлар ноқонуний равишда ўзлаштирилгани маълум бўлди.
Инспекция томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, қонун бузилишига йўл қўйган фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда демонтаж қилинди.
Тадбирлар давомида жамоат ерлари барча фуқаролар учун тенг ва эркин фойдаланилиши кераклиги, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаш амалдаги қонунчилик нормаларига мутлақо зид эканлиги алоҳида таъкидланди.