Қўшработ 5-тоифада, туманни тадбиркорлиги ривожланган ҳудудлар қаторига қўшиш учун қорақалпоқ тажрибасини қўллаш керак
Бундан икки-уч йил илгари халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясидан сўнг журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида собиқ ҳокимга шундай савол бердим:
– Яқин орада туманда бирорта ҳайратомуз лойиҳа амалга ошириладими?
Бу кутилмаган савол эди, шунинг учун унга дарҳол жавоб айтиш қийин бўлди. Шу боис ҳоким гапни айлантириб, туманда узумзорлар 10 минг гектарга етказилиши, хонадонларда 1 миллионта товуқ боқиш лойиҳаси амалга оширилишини айтиб, вазиятдан чиқмоқчи бўлди.
Гарчи бу рақамлар анча салмоқли, кимгадир жозибали туюлса-да, мени қаноатлантирмади. Негаки, иккала лойиҳанинг ҳам таг замини анчайин бўш эканлигини илғаб олиш қийин эмас. Айтайлик, туманда 10 минг гектар узумзор барпо этилди, хўш, уни суғориш учун сув қаердан олинади? Ҳудудда оқар сув йўқ, фақат ерости сувларидан фойдаланиш мумкин, бунинг учун эса минглаб вертикал тик қудуқларни бурғулаш, уларни сув насослари билан жиҳозлаш, томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш талаб этилади. Бунинг учун жуда катта миқдордаги маблағ зарурлиги айтилса, масаланинг ғоят мураккаблиги яққол намоён бўлади. Боз устига, ҳудудда электр таъминотининг ночорлиги, ерости сув сатҳи тобора пасайиб, захиралар тугаб бораётгани инобатга олинса, катта эҳтимол билан юқоридаги лойиҳанинг келажаги шубҳа остида қолади.
Шунингдек, хонадон паррандачилиги лойиҳаси ҳам, мана, икки йилдирки, айтарли ривожланмай, депсиниб турибди. Ахир, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, дейдилар. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллион паррандани боқиш учун йилига 45-50 минг тонна дон зарур. Туманнинг имконияти эса йилига 4-5 минг тоннадан ошмайди. Хўш, озуқа базасини тўлдириш учун қолган 40–45 минг тонна дон қаердан олинади? Бу ҳақда негадир ҳеч ким бош қотирмайди. Шу боис бир қарашда жозибали кўринган лойиҳанинг тақдири боши берк кўчада турибди.
Афсуски, Қўшработ туманида бошқа соҳаларда ҳам ана шундай “чалажон” лойиҳалар, йиллар давомида рўёбга чиқмаётган режалар оз эмас. Буларнинг бари шароитнинг оғирлиги, тадбиркорлик муҳитининг ночорлиги, ишбилармонлар учун турли-туман тўсиқлар мавжудлиги билан изоҳланади. Масалан, “Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Бойтўп қишлоғида яшовчи тадбиркор Рауп Раҳматов деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига хизмат кўрсатувчи масъулияти чекланган жамият тузиб, банкдан имтиёзли кредит олмоқчи бўлди. Бироқ масъулларнинг сансалорлиги, мантиқсиз тўсиқлар ва талаблари туфайли баҳорда бошлаган саъй-ҳаракат йил охирида ҳам рўёбга чиқмай қолиб кетди. Имтиёзли тугул, юқори фоизли кредит ҳам ололмади. Бутун йилни “югур-югур”лар билан бесамар ўтказган тадбиркор эндиликда кимдандир бир оғиз илиқ сўз, бир чимдим қўллаб-қувватлаш илинжида яшаяпти.
Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида бундан буён ҳудудларни бир маромда иқтисодий ривожлантириш учун янгича ёндашувлар жорий этилиши айтилган. Шунингдек, Президентнинг “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Мазкур ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан республиканинг 208 та туман ва шаҳарлари 5 тоифага ажратилди. Энди ана шу тоифадан келиб чиққан ҳолда тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, субсидиялар, кредитлар берилади. 2026 йил 1 январга қадар солиқ солишнинг табақалаштирилган тизими йўлга қўйилади.
Вилоятимизда шароити оғир ҳисобланган Қўшработ тумани 5-тоифага киритилди. Шу муносабат билан қўшработлик тадбиркорлар учун уч йил мобайнида айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланди. Тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайдилар. Якка тадбиркорлар эса қатъий белгиланган солиқларни тўлашдан бутунлай озод этилди. Янги йилнинг илк кунларида ота-оналар учун ҳам хушхабар тарқалди: давлат боғчаларида тўловлар 50 фоизга қисқарди. Ўйлаймизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган бу имтиёзлар узоқдан хориб-чарчаб келаётган, амал-тақал кун кўраётган тадбиркорларимизга нафасни ростлаш, қаддини тиклаб олиш учун имконият яратди.
Шу билан Қўшработ гуллаб-яшнаб кетадими, тадбиркорлик кенг ривожланган ҳудудлар қаторидан жой оладими, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавобнинг қандай бўлиши туман аҳлининг ғайрат-шижоати, ташаббускорлиги ва ишбилармонлигига боғлиқ. Буни эса вақт кўрсатади.
Бизда битта ёмон одат бор: бирор ишни бошлашдан олдин бошни узоқ қашлаймиз. Оқибатда дастурларни ишлаб чиқиш ярим йилгача чўзилиб кетади, қолган ярим йилда эса уни бажара олмай ҳалак бўламиз. Оқибатда дастурий ишларимиз ўлда-жўлда қолиб кетади. Бу гал шуни ҳам ҳисобга олиш фойдадан холи эмас.
Шу ўринда вилоят ҳокимлигига айтадиган таклифларим бор. Қўшработ туманини тадбиркорлиги ривожланган ҳудудлар қаторига чиқариш учун қорақалпоқ тажрибасини йўлга қўйиш лозим. Биласиз, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистондаги туман ва шаҳарлар вилоятларга бириктирилди ва уларнинг кўмагида қорақалпоқ қардошларимизнинг кўпгина муаммолари ҳал бўлди. Худди шунга ўхшаш тарзда Қўшработга вилоятимизнинг тадбиркорлик ривож топган ҳудудлари биркитилса, туманга инвестицияларнинг кириб келиши, илғор тажрибаларнинг кенг ёйилиши кучаярди ва бу тадбиркорликка раҳбат бўларди. Шунингдек, Қўшработ тумани аҳолиси илм-фанга жуда ташна эл. Бу юртдан кўплаб номдор олимлар, зиёлилар етишиб чиққан. Шу боис бу ерда Самарқанд давлат университети филиали очилса, юрт тараққиётига улкан ҳисса қўшар эди.
Норбобо Шакаров,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.