Қўшработ йил охиригача шароити оғир ҳудуд тоифасидан чиқади(ми?)

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида республикамиздаги туман ва шаҳарлар беш тоифага - тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган, инфратузилмаси яхши бўлган, шароити нисбатан қониқарли бўлган, жозибадорлиги етарли бўлмаган, шароити оғир бўлган ҳудудларга ажратилди.

Қўшработ тумани бешинчи тоифадан ўрин олган бўлиб, Мурожаатномада мазкур тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланиши, тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлаши, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилиши кўзда тутилганди. 

Туманда бу борада қандай ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилди? Қўшработ тумани ҳокимлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун шу мавзуга бағишланган пресс-турда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Паррандачилик корхонаси Марказий Осиёда етакчи 

Туманнинг Хонназар маҳалласидаги 40 миллиард сўмлик “Қўшработ ломанн парранда” масъулияти чекланган жамиятида Германия технологияси асосида наслли паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилиб, ломанн зотли паррандалар парвариш қилиб келинмоқда. Корхона йилига 10 миллион дона наслли жўжа етиштиришга мўлжалланган бўлиб, йиллик экспорт қуввати 1 миллион доллар ва бюджетга 500 миллион сўм қўшимча фойда туширилмоқда.

- Корхонамиз ўтган йилнинг июнь ойида ташкил этилган бўлиб, наслли парранда етиштириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринда туради, - дейди “Қўшработ ломанн парранда” МЧЖ ижрочи директори Жаҳонгир Ҳабиев. – Бу ерда 80 нафар ишчи томонидан ҳар ойда 700 мингта наслли жўжа етиштирилиб, сотилмоқда. Корхонанинг ишга туширилиши туманда наслли паррандачилик  ривожланишига туртки бўлди. Маҳаллий аҳоли ва корхона ўртасида паррандачилик кооперацияси йўлга қўйилиб, 120 кунлик наслли товуқни кредит асосида аҳолига етказиб бериб, тухумни корхонанинг ўзи сотиб олиш йўлга қўйилди. 

Ҳозирги кунда 100 та хонадонга 15 мингта товуқ тарқатилди ва ҳар куни 14 минг 700 та тухум етиштириб, бозорга ва ушбу корхонага сотилмоқда. Йил якунига қадар 1000 та хонадонга 150 минг бош товуқни тарқатиш орқали 600 нафаргача аҳолининг доимий даромад олиш таъминланади. Натижада туманда қўшимча йилига 27 миллион дона тухум етиштириш кўпаяди ва Каттақўрғон, Нуробод, Оқдарё туманларини ҳам тухум билан таъминлаш имконияти ташкил этилади.

Туманнинг Тинчлик маҳалласида яшовчи Холёр Усмоновнинг турмуш ўртоғи “Аёллар дафтари”да, ўғли эса “Ёшлар дафтари”да турар эди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича имтиёзли кредит асосида “Қўшработ ломанн парранда” МЧЖ корхонасидан 640 бош товуқ олиб берилган. 

- Ўтган йили кредит асосида инкубатор олиб, хонаки товуқлар очиришни бошлаган эдик, - дейди Х.Усмонов. – Ишларимиз юришиб, зотли паррандалар очириш ва туяқуш боқишни ҳам йўлга қўйдик. Туяқушларнинг ҳар бири 70-80 килограммдан гўшт қиляпти ва килосини 100 минг сўмдан сотяпмиз, жўжа ва тухумларни маҳалла аҳолиси оляпти. Ҳозирги вақтда уйимизда 10 мингдан ортиқ жўжа, 1000 бош зотли товуқ ва 10 бош туяқуш боқилмоқда. Уларга қараш учун 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Қўшработ йил охиригача шароити оғир ҳудуд тоифасидан чиқади

Бу ҳақда туманга уюштирилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва туман ҳокимининг ўринбосарлари иштирокида Қўшработ туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, ҳудуддаги янгилик ва ўзгаришларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Кейинги йилларда Қўшработ туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 марта, инвестициялар ҳажми 3,9 марта, қурилиш ишлари ҳажми 2,2 марта, хизматлар ҳажми 2,9 марта ўсди ва экспорт ҳажми 3 миллион доллардан 3,2 милллион долларга етди, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ибодулла Сайфиддинов. - Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 641,7 миллиард сўмлик 557 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 1625 та янги доимий иш ўрни яратилиб, 1265 та оила камбағалликдан чиқарилди. Ўртача иш ҳақи ҳам қарийб 1,8 баробарга ошиб, 2 милллион сўмга етди. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 5 бараварга ўсди, хорижий сармоялар миқдори йилига 10 миллион доллардан ошди, 6 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Айниқса, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 2 бараварга ошди, 77 та қишлоқ аҳоли пунктида жами 55 та ичимлик сув иншооти, 883,8 километр (шундан 426,3 км абонентлар тармоқлари) ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди ва 101 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Йил охиригача туманнинг саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 6,77 миллиард сўмлик 68 та лойиҳа амалга оширилиб, 1026 та иш ўрни яратилади. Шунингдек,  Ҳиндистон, Хитой, Туркия ва Қозоғистон давлатлари билан ҳамкорликда 15 та корхона ташкил этилиб, 8,5 миллион доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 350 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Амалга оширилаётган ишлар натижасига кўра, йил сўнгига қадар Қўшработ шароити оғир ҳудуд, яъни бешинчи тоифадан чиқарилади.

***

Пресс-тур давомида иштирокчилар тумандаги ёшлар маркази биносида жойлашган IT маркази ва бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони “Жавоҳир Синдоров” шахмат клуби фаолияти билан ҳам танишди.

Фазлиддин Рўзибоев.