"Экобозор", кўприк, оилавий шифокорлик пункти, боғча... Қўшработда 10 га яқин объект ишга тушди

Янги йил байрами кунлари Дўстлик маҳалласида лойиҳа қиймати 1 миллиард 164 миллион сўм бўлган кўприк фойдаланишга топширилди. Бу билан кўп йиллардан бери, айниқса, ёғин-сочинли, сойдан сел келган вақтларда Хонназар, Қўрғон, Дўстлик маҳаллалари аҳолисини қийнаб келаётган муаммога барҳам берилди.

Миришкор маҳалласида 1 миллиард 600 миллион сўм эвазига бунёд этилган оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилиши туман марказидан 50-55 километр узоқликда яшовчи аҳолининг узоғини яқин қилди.

2004 йилда қурилиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган туман спорт мактаби “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди.

Қувкалла маҳалласида эса давлат дастури асосида 120 ўринли 17-давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси қурилиб, ишга туширилди.

Бозоржой маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган, 2 фарзанди билан оғир шароитда кун кечираётган Д.Баротовага ҳомийлик асосида 2 хонали уй совға қилинди.

Заркент шаҳарчасида тадбиркор Одил Турдибеков ташаббуси билан “Экобозор” ишга тушди. Бунинг учун тадбиркор ҳисобидан 700 миллион сўм ва банк кредити ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Шу каби замонавий бино ва иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши қўшработликлар учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Шавкат Зиёдинов.