Қўшработда ҳалиям қулупнай пишяпти

Очиғи, қулупнайни кўпроқ апрель-май ойида, кейин эса августда тановул қилишга одатланганмиз. Чунки очиқ майдонда қулупнай етиштириш шу вақтга тўғри келади-да. Лекин Қўшработда октябрь-ноябрда ҳам бу мевани етиштириш йўлга қўйилибди. Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.

Қўшработда тумани номи билан аталувчи маҳалладаги 89-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Буврама Қодирова ишдан бўш вақтларида томорқачилик билан шуғулланади. У 1 сотих ерда исмалоқ, 2 сотих майдонда қулупнай етиштириб, оиласига мўмайгина даромад келтиряпти.
- Талабалик давримда диалектология бўйича амалиёт ўташ учун Каттақўрғон туманига бориб, қулупнай етиштираётган томорқачиларга ҳавас қилганман, - дейди у. – Уни ўзимизда ҳам етиштириб, кўпайтиришни режа қилгандим. Кўпчилик “Қўшработда қулупнай етиштириб бўлмайди”, дерди.

Мақсад қатъий бўлса уддаласа бўларкан. 4 йилдан бери қулупнай етиштириш билан шуғулланяпман. Биринчи йил 50 минг сўмга 200 туп кўчат келтириб, озгина жойга экдим. Кейин секин-асту кўпайтириб, шу йил 2 сотих ерда қулупнай етиштирдим. Баҳордан шу пайтга қадар 500 килограмдан кўпроқ ҳосил олиб, бозорга сотдим. 10 миллион сўм даромад қилдим. Ҳаво салқин бўлишига қарамай шу пайтгача қулупнай пишишда давом этяпти. Ҳар куни мактабдан келиб, томорқада меҳнат қиламиз. Ҳовлимиз қирликда жойлашган бўлса ҳам яхши ҳосил олишга ҳаракат қиляпмиз.

Келгусида режаларимиз катта. Туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Агар текисроқ ердан 2 гектар ер майдони ажратилса, қулупнайнинг янги навларидан келтириб, экамиз. Шунингдек, мураббо цехи ҳам ташкил этишни ният қилганмиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ.