Қўшработдаги бозор ҳарбийларга нимаси билан муаммо туғдиряпти?

Мамдакатимизда кейинги йилларда ҳарбийлар учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Қўшработ туманида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун ҳам етарлича шароитлар яратиляпти. Шундай бўлса-да уларни қийнаётган қандай муаммолар мавжуд? Ҳарбийларнинг қандай таклифлари бор? Туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев Ватан ҳимоячилари куни олдидан Заркент шаҳарчасидаги ҳарбий қисм хизматчилари билан дилдан суҳбатлашиш, уларнинг савол ва таклифларини тинглаш, муаммоларига ечим топиш мақсадида учрашув ташкил қилди.

- Тўғри, туманда биз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитлари яратилган, - деди катта сержант Толиб Сафаров. – Аммо ҳафтанинг ҳар жума куни Заркент шаҳарчасидан чиқиб, туман марказидаги бозор атрофидан ўтиб-қайтиш катта муаммо. Йўл кенг бўлишига қарамасдан, бозор-учарга келган фуқароларнинг автомашиналари тирбандликни юзага келтиргани боис соатлаб вақтимизни йўқотамиз.

Ҳоким туман ички ишлар бўлими масъул ходимларига мазкур муаммони бартараф этиш, бозор олди йўлидаги транспорт ҳаракатини тартибга келтириш бўйича қатъий вазифалар белгилади.

Шунингдек, ҳарбийлар хизматчилар турмуш ўртоқларини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кредитлар ажратиш, фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш масалалари бўйича ҳокимга мурожаат қилишди.

Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.