Қўшработдан топилган рубоийнинг Алишер Навоийга қандай алоқаси бор?

Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига

Яқинда ижтимоий тармоқдаги бир фотосурат эътиборимни тортди. Унда Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Жўш қишлоғидаги зиёратгоҳнинг қабртоши акс этганди. Диқққатимни тортган нарса қабртошда нақшланган битиклар бўлди. Бу мисралар менга жуда таниш туюлди. Бирданига Алишер Навоийнинг "Мажолисун-нафоис” тазкирасида ўқиганларим ёдимга тушди. Дарҳол ўша китобни топиб, тегишли парчани излашга тушдим.

Ҳа, адашмаган эканман. Бу мисралар ушбу асарнинг еттинчи мажлисида, Оққўюнлилар давлати ҳукмдорларидан бири Султон Яъқуб ҳақидаги фиқрада  деярли бир хил шаклда келтириб ўтилган эди:

“Яъқуб Мирзо – туркман салотинида анингдек писандида зотлиғ ва ҳамида сифотлиғ йигит оз бўлғай. Дарвеш сифат ва фонийваш эрди. Бу рубоий анингдурким:

Оламки, дар у саботкам мебинам,

Дар ҳар тарабаш ҳазор ғам мебинам,

Чун кўҳна работестки, аз ҳар тарафаш

Роҳе ба биёбони адам мебинам”.

   (Таржимаси: бу оламда саботни кам кўраман, ҳар бир шодлигида мингта ғамни кўраман, у бир кўҳна работга ўхшайди, унинг ҳар тарафидан йўқлик саҳросига олиб борувчи йўлни кўраман).

Кўриб турганимиздек, қабртошидаги талқинда “тараб” сўзи “фараҳ” билан алмашганини эътиборга олсак, бошқа бирор жиддий тафовут кўзга ташланмайди. 

Келинг, шу ўринда Султон Яъқуб шахсига бироз тўхталиб ўтсак.

XV асрда Яқин шарқ ва Кавказортидаги сиёсий вазиятлар, ҳокимиятлар учун курашлар асосан икки туркий сулола қорақуюнлилар ва оққўюнлилар ўртасида кечган.

Аёвсиз курашлар сўнгида давлатни қўлга киритган оққўюнлилар гарчи тил ва маданият нуқтаи назаридан ягона ўғуз (туркман) қавмига  мансуб бўлишса-да, қорақўюнлиларга нисбатан  адабиётга, санъатга кўпроқ эътибор қаратгани билан ажралиб туради.  Бу даврда ғарбий туркий тил  ва бу тилдаги адабиёт ҳам кенг ривожланган. Сулоланинг Узун Ҳасан,  Султон Халил (1478), Султон Яъқуб (1478-1490) сингари вакиллари ижод аҳлига алоҳида эҳтиром билан қарашган, уларнинг ўзлари ҳам шеърлар битишган. Мамлакат ҳудудидаги Шероз, Табриз сингари шаҳарларда ўзига хос маданий муҳит шаклланган. Маълумки, Табриз оққўюнлилар пойтахти бўлиб, Шероз шаҳри маданият, айниқса, китобат санъатининг  маркази сифатида шуҳрат қозонган.  

Алишер Навоий оққўюнлилар ва қорақўюнлилар тарихи, уларнинг ўзаро муносабатлари, сиёсати, адабий муҳити билан таниш бўлган. “Мажолис ун-нафоис”нинг еттинчи мажлисида барча темурий подшоҳ ва шаҳзодалар қаторида шу икки сулола вакиллари номини ҳам келтириб ўтади. Мазкур асарда қорақўюнлилардан Жаҳоншоҳ, оққўюнлилардан Султон Яъқубни санаб ўтади ва уларнинг форсий шеърларидан мисоллар келтиради.

Султон Яъқуб Оққўюнли давлатининг асосчиси Узун Ҳасаннинг етти ўғли орасида энг узоқ муддат тахтда ўтирган ҳукмдордир. Маълумотларга кўра, у 1464 йилда Диёрбакирда туғилган. 1478-1490 йилларда Оққўюнли давлатининг ҳукмдори бўлган. Мамлакат чегараларини кенгайтиришга ҳаракат қилган. 1480 йилда Усмонийлар тасарруфи остида бўлган Урфани забт этади. У Ширвон шоҳи Фаррух Ясарнинг қизи Гавҳар Султон хонимга уйланган, жуда кўп ҳарбий юришлардаа қайнотасига ёрдам берган. 1490 йилда 24 декабрь куни сирли равишда ўлим топган.

Навоий «Мажолис ун-нафоис»да бошқа бир қанча шоирлар ҳақида сўз юритган пайтида ҳам Султон Яъқубни тилга олган. Масалан, мазкур асарнинг олтинчи мажлисида Хуросондан ташқарида яшаб ижод қилган шоирлар ҳақида сўз юритаркан,  совалик Қози Исо деган шоирга Султон Яъқуб томонидан кўрсатилган эътибор  ҳақида айтиб,  бир подшоҳ ўз яқинларидан ҳеч бирига бу қадар юксак эътибор қаратмаганини ёзади. Унинг ҳамюрти ва қариндоши Шайх Нажм исмли шоирга ҳам Султон Яъқуб алоҳида ғамхўрлик қилганини, фақат Шайх Нажм қариндошига қараганда анча хокисор, камтарин, фақир ва мискинларга ғамхўрлик қилганини ёзади. 

Бобурнинг ёзишича, Навоийнинг замондоши, форс-тожик мумтоз адабиёти вакили Камолиддин Биноий ҳам бир муддат Табризда, султон Яъқуб ҳузурида яшаган. Бу ушбу ҳукмдор нафақат ўз юрти, балки қўшни ҳудудлардан борган илм ва ижод аҳлига ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатганидан дарак беради. 

Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ўзининг ютуқларидан ҳақли равишда фахрланиб, шу мисраларни битган эди:

Олибмен тахти фармонимға осон, 

Черик чекмай Хитодин то Хуросон 

Хуросон демаким, Шерозу Табриз, 

Ки қилмишдур найи килким шакаррез. 

Бу шеърий парчадан аён бўлишича, ўз даврида Хито (Шарқий Туркистон)дан то Эроннинг ғарбий қисми (Шерозу Табриз)гача бўлган  ҳудудда яшаган халқлар  Навоий ижодидан баҳраманд бўлган.

Маълумки, оққўюнлилар давлати бугунги кунда Озарбайжон тарихининг таркибий қисми сифатида ўрганилади. Бу давлатда адабий асарлар асосан икки тилда – ўғуз туркчаси ва форсийда битилган. Бироқ кўпгина озарбайжонлик тадқиқотчилар бу даврда яшаган бир қатор Озарбайжон шоирларининг эски ўзбек тилида ҳам ижод қилганини таъкидлайди. Бунга эса, шубҳасизки, Алишер Навоий ижоди катта таъсир кўрсатган.

Навоий билан деярли бир пайтда оққўюнлилар давлати пойтахтида яшаган хоразмлик котиблар сулоласининг вакили Абдурраҳим Хоразмий (Анисий) ҳам Навоий ҳаёти ва шахсиятини оққўюнлилар билан боғлаб турган муҳим тарихий шахслардан биридир. Ушбу котиб томонидан 1471 йилда Навоийнинг 229 та шеърини ўз ичига олган “Оққўюнли мухлислар девони” ўғуз лаҳжасига мослаб кўчирилган.

Бугунги кунда Қоҳира шаҳридаги Миср миллий кутубхонасида сақланаётган ушбу нодир қўлёзманинг аниқланиши ва ўрганилиши филология фанлари доктори А.Эркинов номи билан боғлиқ.

Абдурраҳим Хоразмий – Анисий ҳам умрининг маълум қисмини Табризда, султон Яъқуб саройида ўтказган, шу ерда кўпгина буюк шоирларнинг асарлари қаторида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий асарларини кўчирган.

Анисий дастхатига мансуб бугунги кунга қадар етиб келган нодир қўлёзмалардан бири Алишер Навоий шеърлари орасидан сараланган сайланмадир. Чамаси, Анисий Алишер Навоийнинг байтларидан иборат сайланма тузиб, Султон Яъқубга туҳфа қилган. Мазкур қўлёзма 1481 йилда Табризда кўчирилган. Алишер Навоий шеърлари кирган мазкур тўплам шартли тарзда “Султон Яъқуб сайланмаси” деб аталади.

Хўш, энди юқорида тилга олинган қабртош ва унда дарж қилинган рубоийга қайтайлик.

Самарқанд вилояти марказидан қарийб 150, Қўшработ тумани марказидан 45 километр узоқликдаги Юқори Жўш маҳалласида олти асрлик тарихга эга “Жўш ота” жоме масжиди жойлашган. Анчайин эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган жоме масжид ва унинг ёнидаги “Бобожўш” мақбарасида 2019 йилнинг март ойида “Обод қишлоқ” дастури асосида қайта реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.

“Туронзамин азиз-авлиёлари ва ва уламолари тазкираси” китобида ҳам бу қадамжо ва унда дафн қилинган Жўш ота ҳақда аниқ маълумот учрамайди. Муаллифлар Абдулкарим ас-Самъонийнинг “ал-Ансоб” асаридаги маълумотларга таяниб, бу ерда дафн қилинган шахс Абу Бакр Муҳаммад ас-Сурморий аз-Зуший ан-Нурий бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган. У киши Самарқандда Абу Аҳмад Абдураҳмон ар-Риғдамунийдан ҳадис илми бўйича таҳсил олган. Муаллифлар фикрича, Зуш айнан ҳозирги Жўш қишлоғи бўлиши мумкин.

Яқинда ушбу мақбарадаги қабртоши ва ундаги битиклар билан танишиш мақсадида Қўшработга бордим. Жўш қишлоғидаги қадамжо ҳам вилоят, ҳам туман марказидан анча олисда, тоғ ёнбағрида жойлашган. Эски қабртош тепаликдаги масжид айвонининг ғарбий қисмидан ўрин олган. У тахминан 220х60 сантиметр катталикка эга. Тош сатҳидан юқорида биз тилга олган рубоийдан ташқари яна битта рубоий ва бир тўртликни аниқлаб, ўқишга муваффақ бўлдим. 

Қабртошининг нариги тарафида “катабаҳу Маҳмуд ан-Нурий...” жумлалари, яъни ушбу хатларни битган котиб номи битилган. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: унда нариги томонда номи битилган Муҳаммад ал-Ҳиравмий ким? Шунчаки сангтарошми? “Катабаҳу...” (буни ёзди) дейилганда, рубоийнинг муаллифи назарда тутилдимикин? Агар муаллифи назарда тутилган бўлса, нима учун унда Султон Яъқуб номи кўрсатилмаган?

Қабр тепасида яқинда ўрнатилган лавҳада “ушбу қабр “Жўш ота” яъни Маҳмудхўжа ўғли Бобохўжага мансуб. Унинг таваллуди милодий 1166 йил эканлиги эътироф этилган. Муҳаммадхўжа (?) эса, Яссавий тариқатининг асосчиси ва машҳур ҳикматнавис ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг хос шогирди, улуғ авлиё Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний ва Анбар онанинг бош фарзандидир, Бобохўжа эса, у зотнинг ўғлидир” деб ёзилган.

Қабртошида эса бу ерда дафн қилинган инсон ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Фақат ундаги 915 санаси ҳижрий милодий 1510 йилни англатади.

Бизни энг ҳайратга солгани, албатта, кўпгина манбаларда Султон Яъқубга тегишли деб топилган рубоийнинг ушбу қабр тошидан ўрин олганидир. Интернет манбаларда бу ёдгорлик  ҳақида бошқа тайинли маълумот учрамайди. Энг қизиғи, бу рубоийнинг ушбу мақбарага қандай алоқадорлик жойи бор? Рубоий моҳиятан дунёнинг ўткинчилиги, ҳаётнинг бебақолигини акс эттиргани учунгина бу қабртошига ёзилдимикин?

Қадамжо жойлашган мазкур ҳудуд ҳеч қачон Оққўюнлилар давлатига тобе бўлмаган. Бироқ, тошбитик Султон Яъқуб ўлимидан 20 йилча вақт ўтганидан кейин ёзилган. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, Султон Яъқубнинг шеърлари ўша даврларда Самарқандгача етиб келган.

Ҳиротлик тазкиранавис ва таржимон Фахрий Ҳиравий ўзининг “Равзат ус-салотин” тазкирасида ҳам султон Яъқуб ҳақида тўхталаркан, Навоий келтирган маълумотларни такрорлаб, унинг яна бир ғазалидан парча келтиради:

 Шоҳи Ҳирот чун зи дилу жон муҳибби мост,

Хохам задан ба тахти Самарқанд боргоҳ.

Ушбу мисралар Султон Яъқубга Ҳирот шоҳи (Ҳусайн Бойқаро бўлса керак – Р.Ж.)нинг меҳри баланд бўлганидан, унинг ўзи эса Самарқанд тахтини эгаллашдан умидвор  бўлганидан дарак беради.

Бу рубоий айнан Султон Яъқубга тегишли экани Сом Мирзо Сафавийнинг “Туҳфаи Сомий”, Нуриддин Кошонийнинг “Тарихи Кешикхонаи Ҳумоюн”, Лутф Алибек Озарнинг “Оташкада”, Мир Тақийиддин Кошонийнинг “Хулосатул-ашъор ва зубдатул-афкор” асарларида тилга олинади.

Бироқ, бу фикрни инкор қилувчилар ҳам бор. Жумладан, эронлик таниқли файласуф олим Ораш Нароқий ўзининг “Умар Ҳайём ва Малоно Румий ижодида борлиқ ва йўқлик масалалари” мақоласида  бу рубоийни Ҳайёмга нисбат беради.

Хўш, Қўшработ тумани ҳудудидаги “Жўш ота” мақбарасида бу рубоий нима мақсадда, ким томонидан ёзилди? Бу рубоий ўз даврида шу қадар катта шуҳратга эга бўлганмиди? Бу саволларга ҳозирча жавоб топилгани йўқ. Тадқиқоқтларимиз давомида ушбу масалага янада кўпроқ ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Рустам ЖАББОРОВ,

                   филология фанлари бўйича 

фалсафа доктори.

ЎзА