Қўшработлик фермерлар Булунғурдаги энг самарали ишлаётган фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди
Қўшработлик бир гуруҳ илғор фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Обиджон Раҳмонов бошчилигида Булунғур туманидаги фермер хўжаликлари иш фаолияти билан танишди.
Икки туман соҳибкорларининг ўзаро мулоқотида боғдорчилик узумчилик ва картошкачилик соҳасида эришилган ютуқлар, мавжуд имкониятлар муҳокама этилди. Тумандаги “Ярашбек Султонович узумзорлари” фермер хўжалигида токларни парваришлашнинг воиш ва сўри усулларида майизбоп кишмиш навларини етиштириш меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.Чунки Қўшработ узумзорларида бу усуллар эндигина йўлга қўйилмоқда.
Етти гектар майдонда картошка экини парваришланаётган “Абубакр даласи” фермер хўжалигидаги ишлар ҳам меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Бу ерда ҳар гектар майдондан 80 тоннадан ҳосил олиш режалаштирилган. Шунингдек, тумандаги бир қатор фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш усулида сабзавот маҳсулотлари, Ғўбдин тоғ этагида эса 1000 гектардан зиёд майдонда ёмғирлатиб суғориш усулида озуқа экинлари етиштириш жараёнлари билан яқиндан танишган қўшработликлар соҳага оид қарашлари анча бойиганлигини эътироф этдилар.
Туман хокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдумутал Ризаев меҳмонларга туманда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берди.
Норбобо Шакаров.