Қўшработлик ёшлар Хитойда ўқийди
Аввал хабар қилганимиздек, 11-16 декабрь кунлари вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация аъзолари Хитойда бўлиб қайтди. Улар орасида вилоятимизнинг бир нечта туман ҳокимлиги вакиллари ҳам бор эди.
Ташриф доирасида Қўшработ тумани ҳокимлиги билан Хитой Халқ Республикасининг Ҳебеи технология университети ўртасида бир қатор келишувлар имзоланган эди.
Келишув асосида туманнинг бир гуруҳ ёшлари мазкур олий таълим муассасасида имтиёзли равишда ўқиш имкониятига эга бўлди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Холбек Кўбаев. – Бугунги кунда университет бизнес бошқаруви, маркетинг, алоқа муҳандислиги, туризм ва бошқа шу каби 10 га яқин йўналишлар бўйича қўшработлик ёшларни ўқишга таклиф этяпти. Улар грант асосида ўқиш билан бирга, талабалар тураржойи ва бошқа бир қатор имтиёзлардан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Айни пайтда талабгорларни рўйхатга олиш бошланган. Улар февраль ойида хитойлик мутахассислар томонидан инглиз тилида онлайн суҳбатдан ўтказилади ва синовдан муваффақиятли ўтган 40 нафар ёш Хитойга жўнаб кетади.
Улар март ойидан бошлаб университет қошидаги хитой тилини ўргатиш курсларида таълим олади. Сентябрь ойида мутахассислик бўйича дарслар бошланади. Ўқиш 3 йил баклавр ва 1 йил магистратура йўналишида, жами 4 йил давом этади.
Тўлқин Сиддиқов.