Қўшработликлар Мустақиллик байрамини илк бор истироҳат боғида нишонлади
Вилоят марказидан 100 километр узоқликда, қир-адирлар бағрида жойлашган Қўшработда энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳар йилгидан ўзгача руҳда нишонланди. Сабаби, туман аҳли Ватанимиз мустақилликка эришгандан бери биринчи марта бу улуғ айёмни истироҳат боғида қарши олди.
- Мустақиллик тенгдошиман, - дейди тадбирда иштирок этган ёшлардан бири Жоҳонгир Жалолов. – Аммо эсимни таниганимдан бери Қўшработда аҳолининг истироҳат боғида сайр қилганини, болажонларнинг арғимчоқларда учганини кўрмаганман. Бу йилги байрамни янги истироҳат боғида, замонавий амфитеатрда нишонлаш насиб этганидан қўшработликларнинг қувончи чексиз. Боғда мусиқали фавворанинг фойдаланишга топширилиши ҳам туман аҳли учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Байрам тадбирида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев сўзга чиқиб, йиғилганларни қутлади. Туманда ўтган бир йил ичида эришилган ютуқлар, олдинда турган режалар хусусида сўз юритди.
Санъат, маданият ва спорт соҳасида ютуқларга эришиб келаётган туман ёшларининг, фольклор жамоалари ва ҳарбийларнинг чиқишлари ва таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
Дилноза ҲАСАНОВА.