Қозоғистон ОАВ Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган тўқимачилик ва мода саноати оламидаги йирик қўшма тадбир ҳақида
Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида "Ўзбекистонда илк бор тўқимачилик ва мода саноати оламидаги энг йирик тадбир бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Шу йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Самарқандда дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси – "ITMF Annual Conference & IAF World Fashion Convention" ўтказилади, деб таъкидланган нашрда.
Хабар қилинганидек, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Инновация, ҳамкорлик ва тартибга солиш – тўқимачилик саноати ва текстиль соҳасини ҳаракатлантирувчи кучлар" деб номланган тадбирда 500 дан ортиқ соҳа мутахассислари, йирик халқаро тўқимачилик компаниялари, брендлар, молия институтлари ва чакана савдо вакиллари иштирок этади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
"ITMF кенгашининг 7 сентябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилиши конференцияга старт беради. 8-10 сентябрь кунлари расмий бизнес дастури доирасида конференция иштирокчилари саноатнинг энг долзарб масалалари ва муаммоларини муҳокама қиладилар. Конференция маърузачилари сифатида Америка кийим-кечак ва пойабзал саноати ассоциацияси президенти Стивен Ламар, Европа кийим-кечак ва тўқимачилик конфедерацияси бош директори Дирк Вантигем, "Inditex" гуруҳининг барқарорлик бўйича директори Феликс Поза Пена ва Cotton Analytics, "Indorama Corporation" ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этадилар", дейилади мақолада.
Нашрда тадбир ғолибларнинг эълон қилиниши ҳамда ITMF Awards ва ITMF Start-up Award мукофотларини тақдирлаш билан якунланиши маълум қилинган.
Мақола якунида "Самарқандда бундай миқёсдаги тадбир ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг глобал тўқимачилик таъминоти занжиридаги тобора ортиб бораётган ролини тасдиқлайди", – дея таъкидланган.