Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилди

Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги халқаро протоколга қўшилди. Бу ҳақда “Sputnik Казахстан” нашри хабар берди.

БМТ штаб-квартирасида Қозоғистоннинг ушбу ташкилотдаги доимий вакили Қайрат Умаров фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро битимнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган иккинчи факультатив протоколини имзолади.

Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги протоколга қўшилиш тўғрисидаги қарорни бир муддат илгари мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида маълум қилди. У Қозоғистон асосий яшаш ҳуқуқи ва инсон қадр-қимматини амалга ошириш тарафдори эканлигини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистон ҳукуматининг ўлим жазосини бекор қилиш ва протоколга қўшилиш хоҳиши 2019 йилнинг декабрь ойида маълум қилинган эди.