Қозоғистон таълим тизимидаги илғор тажрибалар ўрганилди

3–6 июль кунлари вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги қатор техникумлар директорлари ва соҳа мутахассисларидан иборат делегация Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятига борди.
Мазкур ташриф Қозоғистоннинг касбий таълим соҳасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва замонавий ўқитиш методларини таҳлил қилишга қаратилган эди.
Делегация аъзолари Туркистон вилоятининг етакчи коллежларига бориб, бу муассасаларнинг фаолияти, таълим жараёнини ташкил этиш усуллари, ўқув-лаборатория базаси, педагог кадрлар фаолияти ҳамда талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш механизмлари билан яқиндан танишдилар. Қозоғистонда касбий таълим тизимида хусусий сектор билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан тўғридан-тўғри интеграция қилингани, меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда таълим йўналишларининг шакллантирилаётгани делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувларда қатор давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилди. Қозоғистон таълим тизимидаги рақамли трансформация жараёнлари ҳақида тақдимотлар, бир неча йўналиш бўйича амалий таклиф ва лойиҳалар техникумлар директорлари ва мутахассисларда қизиқиш уйғотди.
Учрашув фақат таълим соҳасидаги тажриба алмашиш билан чекланиб қолмади. Делегация аъзолари Туркистон шаҳрининг тарихий ва маънавий манзиллари, жумладан, Ҳожи Ахмад Яссавий мажмуаси, Туркистон халқаро университети, замонавий маданий марказлари билан ҳам танишдилар.