Қозоғистонда 200 нафардан ортиқ тиббий ходим коронавирус инфекциясини юқтириб олди

Коронавирус инфекцияси мамлакатга кириб келганидан буён Қозоғистоннинг 200 дан ортиқ тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясини юқтириб олишди. Мазкур кўрсаткич мамлакатдаги умумий касалланганларнинг 20.5 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари Людмила Бюрабекова маълум қилди.

Қозоғистонда 979 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган, касалланганларнинг 12 нафари вафот этган.

“Тиббий ходимлар орасида 211 нафар инфекция юқтириш ҳолати қайд этилган. Бу умумий касалланганларнинг 20.5 фоизига тўғри келади”, деди Бюрабекова ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар республиканинг 13 та ҳудудидаги тиббиёт ташкилотларида қайд этилган. Аммо энг юқори кўрсаткичлар Нур-Султон, Олма-Ота, Шимолий Қозоғистон ҳудуди ва Атирау вилоятларида қайд этилган.

Шу билан бирга Бюрабекова тиббий ходимлар ўртасида COVID-19 инфекцияси борасида ҳушёрлик камлигини, уларнинг етарли даражада тиббий ҳимояланиш воситалари билан таъминланмаганлигини таъкидлади. Шунингдек, улар фаолият олиб бораётган касалхоналарнинг техник ҳолати талабга жавоб бермайди.