Қозоғистонда COVID-19 қариялар уйида ҳам тарқалгани маълум бўлди

9 апрель куни Қозоғистоннинг Акмола вилоятида 13 нафар янги касаланиш ҳолати қайд этилди. Касалланганларнинг барчаси махсус ижтимоий хизмат кўрсатиш маркази (қариялар уйи)да яшовчилар, деб хабар берди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.

Олдинроқ Акмола вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Сулен Ильясов 2 апрель куни вафот этган, 1947 йилда туғилган фуқаро қариялар уйи яшовчиси бўлганлиги тўғрисида хабар берганди. Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг у ерда истиқомат қилувчи яна бир нафар 91 ёшли аёл вафот этди.

“COVID-19 таҳлили ижобий бўлган 13 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланди. Барча беморлар махсус ижтимоий хизмат фойдаланувчилари уйида. Беморларнинг энг ёши улуғи 99 ёшда”, дейилган хабарда.

Бугунги кунгача Қозоғистонда 759 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган, улардан етти нафари вафот этган.