Қозоғистонда коронавирус хавфи туфайли бир нечта вазир ўзини алоҳидалади

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановда коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг мамлакатнинг Экология, геология ва табиий захиралар вазири Магзум Мирзагалиев ўзини алоҳидалади. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

Шу билан бирга, 12 июнь куни Қозоғистон Бош вазири Аскар Мамин Жамбил вилоятига қилган хизмат сафари вақтида унга Соғлиқни сақлаш вазири ҳамроҳлик қилганлиги сабабли ҳукумат раҳбари ҳам ўзини алоҳидалашига тўғри келди.

Бундан ташқари, ўша хизмат сафарида бўлган Таълим ва фан вазири Асхат Аймагамбетов, Қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Омаров ва Жамбил вилояти раҳбари Бердибек Сапарбаевлар ҳам ўзларини алоҳидалаган.

16 июнь ҳолатига кўра, Қозоғистонда 15192 нафар коронавирус ҳолати қайд этилган. Беморларнинг 9,3 минг нафари тузалган бўлиб, коронавирус оқибатида 81 нафар ўлим ҳолати қайд этилган.