Қозоғистонда рекламада рус тилидан мажбурий фойдаланиш ҳамда ўлим жазоси бекор қилинди
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев реклама, панно ва бошқаларда қозоқ тилидан фойдаланиш заруриятини кучайтирувчи визуал ахборотга оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритди, деб хабар қилди 29 декабрь куни президент матбуот хизмати.
Қабул қилинган ўзгартишлардан сўнг маъмурий-ҳудудий бинолар, аҳоли пунктлари, шунингдек, бошқа географик объектларнинг анъанавий, тарихан шаклланган қозоқча номлари, шакл ва белгиларини давлат (қозоқ) тили (ва зарур ҳоллардагина рус тили) да тақдим этишга қаратилган нормалар Қонунчиликка киритилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Даурен Абаев ушбу қонун лойиҳасини шарҳлар экан, республикада ташқи рекламада «рус тилига қаршилик» ҳақидаги иддаоларга қўшилмаслигини маълум қилди. Расмийнинг таъкидлашича, “ҳеч ким рус тилини бекор қилмоқчи эмас, биз фақат қозоқ тилини мажбурий қиламиз. Агар ёзувда икки ёки уч тил бўлса, бунга эътироз йўқ”.
Қозоғистонда давлат тили - қозоқ тилидир. Давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларида қозоқ тили билан бир қаторда расмий равишда рус тили ҳам қўлланилади.
Ўлим жазоси бекор қилинди
Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар мамлакат президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев томонидан имзоланди. Шу билан бирга, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқишдан маҳрум қилинди.
Қозоғистон мустақиллиги эълон қилинганидан бери у ерда 500 дан ортиқ ўлим жазоси ижро этилган. Ўлим жазоси Жиноят кодексининг 17-моддасида назарда тутилган. 2003 йилда президент Нурсултон Назарбоев ҳукмларни ижро этишга муддатсиз мораторий киритган эди.
2021 йил декабр ойида парламент қуйи палатаси 17 моддадан 13 таси бўйича ўлим жазосини бекор қилишни таклиф қилди, бироқ давлат раҳбари кескинроқ чоралар кўришни талаб қилди.