Қозоғистондаги норозилик намойишларида саксондан ошиқ одам ҳибсга олинди
Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида сиёсий маҳкумларни озод этиш ва бўлажак президент сайловини бойкот қилишга чақириб ўтказилган норозилик намойишида саксондан ошиқ одам ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда minbar.uz.
"Нурсултон – менинг пойтахтим эмас, Тўқаев – менинг президентим эмас, Дариға – менинг сенатимнинг спикери эмас", каби шиорлар билан Олмаота ва пойтахт Нурсултонда 1 май куни намойишчилар кўчага чиққан.
1 майда мамлакатда Қозоғистон халқлари бирдамлиги куни нишонланади, шаҳарларда расмий маросимлар бўлиб ўтади.
Намойишчилар, шунингдек, муаллифлари 15 суткага қамалган "Ҳақиқатдан қочиб қутулолмайсан!", деган шиорларни ҳам қайтарган ва муаллифларни озод этишни талаб қилган.
- Аввалроқ Асия Тулесова ва Бейбарис Толимбеков 21 апрелда Олмаотада бўлиб ўтаётган марафонда "Ҳақиқатдан қочиб қутулолмайсан!" баннерини осиб қўйгани учун 15 суткага қамалган эди.
- Тулесова ва Толимбеков иши жамиятда катта шов-шув бўлди: Amnesty International уларни сиёсий маҳкум деб эълон қилди, чет элдаги қозоқ талабалар ўз элчихоналари олдида норозилик акцияларини ўтказди.
78 яшар Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг март ойида истеъфо бериши ортидан сенатнинг 65 ёшли раиси Қосим Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг муваққат президентига айланган. Белгиланган қонунга кўра, у мамлакатни 2020 йилнинг апрелига қадар бошқариши лозим эди.
- Бироқ шу ой бошида Тўқаев мамлакатда муддатидан аввал президент сайлови ўтказилишини эълон қилган. Президент сайлови 9 июнга белгиланган.
- Қозоғистоннинг ҳукмрон "Нур-Отан" партияси июнда ўтувчи президент сайловида муваққат президент Қосим Жўмарт Тўқаев номзодини илгари сурди.
- Тўқаевдан бошқа яна 7 номзод сайловда иштирок этади.