Қозоғистондаги қамоқхонанинг 25 нафар ходимида коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди
Қозоғистондаги “Қора бургут” номли жазони ижро этиш муассасасида 25 нафар ходимда коронавирус инфекцияси билан касалланганлик ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 19 май куни маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш ҳудудий департаменти хабар қилди.
Дастлаб 19 нафар жазони ижро этиш муассасаси ходимида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги тўғрисида хабар берилди.
“Мазкур муассасада дастлабки касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоят тезкор штаби томонидан барча ходимларни тест таҳлили орқали текширувдан ўтказиш қарори қабул қилинди. Коронавирус инфекцияси аниқланган ходимларнинг фақат икки нафарида касаллик аломатлари кузатилмоқда. Қолганларда касаллик аломатлари сезилмаган. Барча 25 нафар ходим Житикарин вилояти марказий касалхонасига ётқизилди. Беморларнинг аҳволи қониқарли”, дейилган баёнотда.
Шунингдек, касалланганлар билан яқин мулоқотда бўлган маҳбуслар ҳам текширувдан ўтказилган ва уларда касаллик аниқланмаган. Муассасада жами 287 нафар маҳбус ва 87 нафар ходим мавжуд.
Қозоғистон шимолида жойлашган “Қора бургут” қамоқхонасида асосан бир умрлик жазога ҳукм қилинган жиноятчилар сақланади.
Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда бугунги кунга қадар 6,7 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, беморларнинг 35 нафари вафот этган.