Қудратли давлат - Турон салтанати қандай бошқарилган?
Соҳибқирон томонидан ташкил қилинган давлатда аввал ҳокими мутлақ - Амир Темур, сўнгра эса унинг ворислари бевосита ҳукмронлик қилишган.
Салтанатни девонбеги – Бош вазир бошлиқ етти вазирликдан иборат аркони давлат – вазирлик маҳкамаси бошқарган. Улардан биринчиси – мамлакат ва раият вазирлиги. У вилоят ва туманлардан тўпланадиган турли солиқ ва ўлпонлар, етиштирилган ҳосил ҳамда мамлакат ободончилиги билан шуғулланган. Иккинчиси – вазири сипоҳ, яъни ҳарбий ишлар вазири. У навкарларнинг таъминоти (маоши, озиқ-овқат ва қурол-яроғлари) билан шуғулланган. Учинчидан – тижорат (савдо) вазири эди. У ташқи савдо божи тамға, чорвачиликдан тўпланадиган закот, эгасиз қолган мол–мулкларнинг тасарруфи, мерос ва меросхўрлик каби масалалар билан шуғулланган. Тўртинчиси – салтанатнинг молия ишлари вазири бўлиб, давлат хазинасининг кирим-чиқимларини бошқарган.
Чегара вилоятлари ва тобе мамлакатлар бошқарувини назорат қилиш учун махсус учта вазир тайин этилган. Улар мазкур вилоят ва мамлакатлардан давлат хазинасига тушадиган даромадларни назорат қилган. Ўз навбатида бу уч вазир салтанатнинг холиса деб юритилган бош назорат ҳайъатини ташкил этган. Бу етти вазир девонбегига бўйсунган ва у билан бамаслаҳат давлатнинг молиявий ишларини амалга оширганлар.
Ёзма манбалардан маълум бўлишича, Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида салтанат девонхонасида Амир Довуд, Жалолиддин Фирузшоҳ, Ғиёсиддин Шоҳмалик, Алоуддин Алика Кўкалдош ва Алишер Навоийдек доно девонбегилар бу олий мансабда фаолият кўрсатганлар, мамлакатнинг ободончилиги йўлида беқиёс хайрли ишларни амалга оширганлар.
Девонхона қошида арзбеги, садри аъзам, шайхулислом ва аҳдос қозиси каби лавозимлар мавжуд бўлган. Арзбеги фуқаро ва сипоҳийлардан тушадиган арзу шикоятлар ҳамда мамлакатдаги аҳвол тўғрисида маълумот тўплаш ва бу борада олий даргоҳга ахборот бериб туриш каби вазифаларни бажарган. Садри аъзам – бош садр мамлакатдаги барча вақф хўжаликларини назорат қилган, давлат ҳамда ер эгалари томонидан вақф қилинган ерлар ва мулкларни қайд этган ва вақфномалар тузиб, уларни қонунлаштирган. Шайхулислом аҳолининг турли ижтимоий табақалари ўртасида шариат аҳкомлари ва ислом ақидаларининг бажарилишини назорат қилган.
Давлатнинг бош қозиси – қози ул-қуззат “аҳдос қозиси” номи билан юритилиб, у фуқаро ишлари билан шуғулланган. Салтанат махкамасида кирим–чиқимларини қайд этувчи махсус мунши - котиб фаолият кўрсатган.
Мамлакат маъмурий жиҳатдан улус, вилоят ва туманларга бўлиниб, улар ҳоким, ноиб ва туманбошилар томонидан бошқарилган. Уларнинг аксарияти ҳарбий кишилар – амирлардан иборат эди. Ҳар бир шаҳар ва вилоятнинг молия девони, қозиси, муфтиси, мутаваллиси ва мухтасиби бўлган. Лашкарлар учун махсус қозийи лашкар тайин этилган. Ҳар бир шаҳар ва қалъаларда қутвол (комендант) тайинланиб, унга шаҳар ва қалъа истеҳкомларини таъмирлаш ва уларнинг мудофааси юкланган. Фатҳ этилган вилоят ва ҳудудлар темурийзодалар ва хизмат кўрсатган амирларга суюрғол тарзида инъом қилиниб, улар орқали бошқарилган. Масалан, Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғиллари ва невараларига тақсимлаб берган. Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Ғазна, Балх ва Кобул вилоятлари, Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) катта ўғли марҳум Жаҳонгирнинг фарзанди Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Давлатнинг марказий қисми – Мовароуннаҳр ва Хоразм (маркази Самарқанд) эса Амир Темурнинг шахсан ўзи томонидан бошқарилган.
Турон давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган. Гарчи улуслар марказий ҳукуматга итоат этсалар-да, аммо улар маълум даражада мустақил эдилар. Уларда алоҳида девонхона, қўшин бўлиб марказий ҳукуматга тобелик давлат хирожининг бир қисмини Самарқандга юбориш ва олий ҳукмдор ҳарбий юришларида ўз қўшини билан қатнашиш ёки талаб этилган сонда аскар юборишдан иборат эди.
Эл-юртни бошқаришда ҳарбий кучнинг аҳамияти катта бўлгани туфайли унинг такомилига алоҳида эътибор берилган. Темурбек амир ва амир ул–умаро - Бош амир каби юқори даражали ҳарбий унвонлар жорий этган, қўшин бошлиқларини танлаш ва уларни тарбиялаш, лашкарий қисмлар ва уларнинг жойлашиш тартиби, навкар ва сарбозларнинг қуролланиши ҳамда уларнинг интизоми масалаларига ниҳоятда аҳамият берган.
Давлатни бошқаришда қурултой ва кенгашлар ўтказиш алоҳида ўрин тутган. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Амир Темур томонидан Балх, Самарқанд, Қарши, Қорабоғ ва бошқа жойларда ўтказилган қурултой ва кенгашларда шаҳзодалар, давлат маъмурлари, ҳарбий бошлиқлар, уламолар ва мулкдор задагонларнинг вакиллари қатнашган. Уларда мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий аҳволига оид масалалар муҳокама этилиб, қарорлар қабул этилган ва тадбирлар белгиланган. Масалан, 1403 йилда Кавказнинг Байлақон шаҳрида чиқарилган кенгашга олиму фузалолар таклиф этилган. Улардан мамлакатни бошқаришда, хусусан, унинг ободончилиги йўлида амалга ошириладиган хайрли ишлар – жамоат бинолари ва иншоотлар қурилишларида ўз маслаҳатлари билан кўмак беришлари сўралган.
Амир Темур ҳаётлик давридаёқ давлатни бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у кейинчалик “Темур тузуклари” номи билан шуҳрат топган. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тожу-тахт эгаларининг тутуми ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳларнинг маоши, мамлакатни идора этиш тартиби, давлат арбоблари ва қўшин бошлиқларининг бурчи ва вазифалари, амирлар, вазирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу-тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва бошқалар баён этилади. Шундай қилиб, Турон давлатининг Амир Темур ҳукмронлик қилган даврида давлат тузилиши, қонун-қоидаларини тартибга солиш билан бир қаторда, олий даргоҳ ҳаёти билан боғлиқ анъаналар ҳам қарор топган.
Амир Темур ўз ҳукмронлиги даврида 27 мамлакатни ўз давлати таркибига қўшиб олган. Бу ҳақда унинг тилидан “Темур тузуклари” нинг иккинчи мақоласида бундай дейилади: “Амирлар, сипоҳсолорлар, баҳодирлар билан иттифоқ бўлиб, уларнинг мардлигу мардонаворлигига таяниб, шамшир зарби билан йигирма етти подшоҳнинг тахтини эгалладим. Турон, Эрон, Рум, Мағриб, Шом, Миср, икки Ироқ (Ироқи Араб ва Ироқи Ажам), Мозандарон, Гилон, Ширвон, Озарбайжон, Форс, Хуросон, Жете Дашти, Қипчоқ Дашти, Хоразм, Хўтан, Кобулистон, Бохтарзамин, Ҳиндистонга подшоҳ бўлиб, ҳукм сурдим”. (Қаранг: Темур тузуклари. 69-бет.)
Турон давлатини Амир Темур ва унинг ворислари - темурийлар сулоласи Мовароуннаҳр ва Хуросонда 1370-1507 йилларда, буюк бобурийлар сулоласи эса Ҳиндистонда 1526-1858 йилларда бошқаришди. Бу даврда мамлакат обод этилиб, у жаҳонда шуҳрат топди.
Шундай қилиб, Амир Темур асос солган давлат қадимги Шарқда уч йўналишда (ўтроқ деҳқончилик, дашт чорвачилиги ва шаҳарсозлик) шаклланган цивилизациялар қоришган Турон-Туркистон ҳудудларида ривож топиб қиёмига етган туркий (ўзбек) давлатчилигининг нодир намунаси эди.
Қаҳрамон Ражабов,
тарих фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)