Қурбон ҳайити арафасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хайрли ишга қўл урди: 48 та хонадонни нашриёт ходимларига расмийлаштириб берди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоаси Агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйни кўздан кечирди. Шу ерда яшаётган одамлар билан мулоқот қилди, яшаш тарзи билан танишди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Facebook саҳифаси орқали бу ҳақда қуйидагиларни баён қилди:
«48 та хонадондан иборат бинода бизнинг босмахонада йиллар давомида фаолият юритаётган матбаачи, муқоваловчи, сантехник, механик каби оддий ходимларимиз оиласи, фарзандлари билан истиқомат қилишади. Мазкур корхонада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб, ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келаётган фахрийларимиз ҳам бор. Ҳатто бир ходимимиз шу даргоҳда фаолият бошлаганидан буён фарзанд катта қилиб, яқинда қиз чиқараётган экан. Бутун жамоамиз оилавий аҳил ва борди-келди қилар экан. Уларни ҳозирга қадар битта дард безовта қилиб келар эди — ушбу хонадонлар уларга қарашли эмас эди. Уй ўзингники бўлмаганидан кейин ҳаловат топмай, хавотир ва ҳадик ичида яшашни тассавур қилиб кўринг».
Айтиш керакки, мазкур уй 1988 йилда фойдаланишга топширилган. Одамлар ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида шу уй ўз мулкига айланишини орзу қилиб, кутиб яшадилар.
Бугунги кунда Президентимиз одамларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида изчил сиёсат олиб бормоқдалар.
Шундан келиб чиқиб, Агентлик барча ходимлар билан келишган ҳолда, Қурбон ҳайити байрами арафасида ушбу 48 та хонадоннинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, ишчи ходимлар номига расмийлаштириб берилгани айтилди.
Куни кеча уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишиш, рўйхатдан ўтказиш ишлари натижаси, жараённинг қанчалик адолатли ўтгани, коррупция ҳолатларига йўл қўйилган-қўйилмаганини уларнинг ўзидан сўраб-билиш мақсадида улар яшаётган хонадонларга Комил Алламжонов ташриф буюрди.
Албатта, уйлар таъмирталаб, чунки инсон уй тўлақонли ўзига тегишли эмаслигини ҳис қилиб тургандан кейин муносабат ҳам шунга яраша бўлади. Эндиликда жуда кўпчилик таъмирлаш ишларини бошлаб юборган. Энг асосийси, — улар жуда ҳам бахтиёр, буни уларнинг кўзлари айтиб турибди.
Бино томларини таъмирлаш, ён-атрофларини ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Жума куни ош қилиниб, мазкур байрамни нишонлашга ҳам келишиб олинди.