Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш тартиби ўзгарди: аскарларни жамоатчилик танлайди

Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, полковник Баҳодир Эргашевнинг айтишича, муддатли ҳарбий хизматга саралашнинг янги тартибига кўра, бу иш мудофаа ишлари бўлимлари ёки бошқарма ходимлари зиммасида эмас. Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга лойиқ ёки нолойиқ, деб топиш шаҳар ёки тумандаёқ ҳал бўлади.

Чунки ҳудудий тиббий комиссия, бутлаш комиссияси, ҳудудий комиссия, вилоятда эса ҳарбий-тиббий комиссия ва раҳбарият Кенгаши ташкил қилинган. Бутлаш ва раҳбарият кенгаши аъзолигига давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларидан вакиллар жалб этилди. Улар саралаш ва танлов ишларида тўлиқ қатнашди.

Энди чақирилувчилар қайта-қайта тиббий кўрикдан ўтказилмайди. Туман тиббиёт муассасалари шифокорлари чақирилувчини бирламчи кўрикдан ўтказади, туман тиббий комиссияси шу асосда номзоднинг ҳарбий хизматга яроқли, даволанишга ёки захирага юборилиши ҳақида хулоса беради. Ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчининг умумжисмоний тайёргарлик даражаси баҳоланади ва у билан якка тартибда суҳбат ўтказилади.

Ўтказиш жойи шаҳар ва туман ҳокимининг қарори асосида белгиланадиган умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда туман бутлаш комиссияси турникда тортилиши, 100 метр ва 3 минг метрга югуриш нормативлари бўйича синов ўтказади.

Мазкур нормативлардан бирортасида 2 баҳо олган чақирилувчи синовларни топшира олмаган ҳисобланади. Бунда турникда 8-9 марта тортилса, 100 метрга 14,5-15 сонияда, 3 минг метрга 13,20-14 дақиқада югуриб келса - 3, яъни қониқарли баҳоланади. Мазкур баҳолаш натижалари асосида чақирилувчини ҳарбий-техник мутахассислик бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташи учун тавсия берилади ёки тавсия берилмайди.

Ўтган йилларда чақирилувчилар касбий танлов асосида тест синовлари топширар эди. Энди Ўзбекистон тарихи, Амир Темур ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимларни аниқлаш учун якка тартибдаги суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, қизиқишларига эътибор қаратилади.

Бутлаш комиссиясида чақирилувчи бюрократик тўсиқларга учрамаслиги учун унга тегишли ҳарбий округ вакили раислик қилади. Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари вакилларидан иборат комиссия чақирилувчини синов якунлари асосида муддатли ҳарбий хизматга чақириш учун қўшин турига тайинлайди.

Савол туғилади: туман ҳудудий комиссияси нима иш қилади?

Туман ҳокимининг ўринбосари бошчилик қиладиган комиссия ҳарбий хизматга яроқли, деб топилган, бироқ синовлардан ўтолмаган чақирилувчиларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилиш, чақирувни кечиктириш ёки захирага олиш бўйича қарор қабул қилади. Комиссия таркиби мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакилидан иборат бўлади.

Чақирилувчи танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Туман комиссияларида танловлардан ўтган чақирилувчи вилоят бутлаш комиссияси томонидан номуносиб, деб топилиши ҳам мумкин. Чунки бу ерда аввал соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ажратилган врачлар чақирилувчиларнинг саломатлиги даражасини аниқлаб берарди. Бугунги кунда вилоят ҳарбий-тиббий комиссиясига ҳарбий госпиталдан шифокор-мутахассис раислик қилади. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан фақат лор, психиатр ва окулист врачлар ажратилган. Хирург, неврапотолог ва терапевт врачлар ҳарбий госпиталдан жалб қилинади.

Улар берган хулоса асосида чақирилувчи муддатли ҳарбий хизматга, эҳтиёж туғилса, ҳарбий госпиталга қўшимча текширув учун жўнатилади. Ҳарбий хизматга яроқсиз, деб топилиб, ҳужжатлари туман ҳудудий комиссиясига юборилиши ҳам мумкин.

Чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш жорий йил март-апрель ойларида амалга оширилади. Бунда аввал муддатли ҳарбий хизматга лойиқ, деб топилган чақирилувчи раҳбарият кенгаши томонидан тегишли қўшин турига тайинланади. Яъни, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари раислик қилувчи раҳбарият кенгаши чақирилувчини ҳарбий хизматга чақириб, ҳарбий қисмга юборади.

Тегишли вазирликлар вакилларидан иборат раҳбарият кенгаши қуйи комиссиялар ишларидан норози бўлган чақирилувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиб, шу ернинг ўзида ечими бўйича тегишли қарор қабул қилади.

Ё.Марқаев тайёрлади.