Қушлар қанча вақт ерга қўнмасдан уча олади
Баъзи қушлар қўнмасдан ҳавода бир неча ой уча олишини билармидингиз?
Бу борада жарқалдирғоч (узунқанот)лар мутлақ рекордчи. Швед олимлари бу қушлар 10 ой давомида ерга қўнмасдан осмонда учиб юра олишини исботлади.
Уэльслик орнитолог Рональд Локли дастлаб 1970 йилларда жарқалдирғочларнинг ҳаводаги парвози бир неча ой давом этиши мумкинлигини айтган эди. Бироқ, фақат 2016 йилга келиб, бу тахмин Лунд университети олимлари томонидан исботланди.
Тадқиқотчилар бир неча йил давомида махсус датчиклар ўрнатилган 13 та узунқанотни кузатиб боришди.Тадқиқот натижалари олимларни ҳайратда қолдирди. Жарқалдирғочларнинг 10 таси ерга йилига атиги икки марта қўнди, қолган учта қуш эса 10 ой давомида ҳавода қолди.
Бу жуда таъсирли, чунки бу қушлар жуда кичкина, уларнинг вазни 40 граммдан ошмайди. Лекин улар қандай қилиб шу ўлчамлари билан узоқ вақт ҳавода қолишади? Улар энергияни қаердан олишади?
Қизиғи, қушлар парвоз пайтида ҳавода бўлган ҳашаротлар билан озиқланади. Парвоз пайтида тамади қилиб олишдан ташқари, қушлар уйқуга ҳам муҳтож. Улар ҳавода қандай ухлашлари номаълумлигича қолмоқда.
Лекин тиниб-тинчимас олимларнинг фикрига кўра, улар ўзларини узун думли йирик фрегат қушлар сингари тутишлари мумкин ва учиш пайтида "ўзини ўчириб қўяди". Жарқалдирғочлар тахминан икки километр баландликкача кўтарила олади ва пастга тушиш пайтида ухлаб олиб, дам олиши мумкин.