Рамазон ўтди саломатлик хайрияси давом этмоқда
Самарқанд шаҳрининг Хўжа Абду Дарун маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Комилжон Ғафуров тақдирнинг аччиқ зарбалари таъсирида юрак хасталигини орттирди. Аммо оилавий шароити тўғри келмагани учун анча пайтдан бери даволанишга имкони бўлмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Рамазон - меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгиланган эди. Айнан шу қарор сабаб К.Ғафуров ҳаётида ҳам Рамазон ойида ўзгариш содир бўлди. Маҳалла ижтимоий ходимининг тезкорлик билан саломатлигини тиклаш учун ёрдам зарур бўлганлар рўйхатига киритгани туфайли унинг юрагидаги нуқсонни бартараф этиш учун ҳаракат бошланди.
- Аввало беморда коронаангиографик амалиёт ўтказилди ва юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозимлиги аниқланди, - дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали шифокори Жаҳонгир Ғуломов. - Оператсия муваффақиятли амалга оширилди, бугун беморнинг аҳволи анча яхши.
Иштихон туманида яшовчи Манзура Сирожиддинованинг фарзанди, Жомбойдан Гулчеҳра Исоқулованинг набираси эса бир неча йиллик қийинчиликларни ортда қолдириб, Рамазон ойида юрак оператсиясини ўтказишди.
- Қарорга асосан ҳудудий ҳокимликлар ҳамда халқ депутатлари шаҳар/туман кенгашлари, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан юқори технологияли оператсияга ҳамда тезкор даволанишга муҳтож бўлган 767 нафар фуқаролар рўйхати шакллантирилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Жиянов. - Ушбу оператсиялар феврал ойида бошланиб, март ва апрел ойларида давом этиши мўлжаллан. Шакллантирилган рўйхатга кўра 38 нафар бемор суяк-мушак тизими касалликлари, 10 нафари қон айланиш тизими, 34 нафари туғма аномалиялар, 4 нафари хавфли онкологик 5 нафари сийдик ажратиш тизими, 3 нафари эндокринологик касалликлар билан қайд этилган.
Шу пайтгача 132 нафар бемор вилоятдаги муассасаларга ётқизилиб, даволаниш амалиётлари бошланган. 56 нафар бемор даволаниб чиқди. Беморларнинг даволаниши учун кетадиган барча сарф-харажатлар “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.
Айни кунларда вилоят бўйича иккинчи босқич учун ижтимоий ҳимоя миллий реестрига киритилган даволанишга муҳтож 655 нафар фуқаро рўйхати жойлардаги тиббиёт ва ижтимоий ходимлар билан бирга шакллантирилмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.