Рамазон ойининг 15-кечаси осмондан овоз келадими?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан яна бир ёлғон хабар тарқалди.

Эмишки, бир йил келадики, унда мусулмонларга зарар бўлади. Бу ойда Рамазоннинг биринчи куни жума кунига тўғри келади. Рўзанинг ўн бешинчи кунида осмондан қаттиқ овоз келади, овозни эшитганлар дарҳол эшик деразаларни маҳкам ёпиб, саждага йиқилинглар ва саждада “Субҳанал Қуддус, Роббуна Қуддус”, деб айтинглар. Шунда нажот топасизлар. Яна иккита овоз келади. Уларнинг биринчиси Жаброил алайҳиссаломнинг овози ва иккинчиси шайтонларнинг овози. Ушбу пайтда уйдан чиқмай ўтиринглар ва ҳоказолар...

Бундан илгари эса Рамазоннинг келиши ҳақидаги хушхабарни кишиларга етказган кишига дўзах харом қилинади, деган хабар тарқаган эди.

Бу каби хабарлар ёлғон, ғирт тўқима, мантиққа тўғри келмайдиган, буларнинг барчаси илмсизлик ва аҳмоқликдан бошқа нарса эмас, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати.

Чунки илмдан, ҳадиси шарифлардан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис айтишдаги услубларидан озгина хабари бор киши бу кабиларнинг ёлғон гап-сўзлардан иборат эканлигини яхши билади.

Қолаверса, Ислом динида ёлғон сўзлаш гуноҳи оғир бўлган амаллардан ҳисобланади. Агар бу ёлғон Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан тўқилган бўлса, азоби янада оғир бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди». Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.

Бошимизга тушган бу мусибатдан, атрофда бўлаётган воқеа ҳодисалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, мусулмонлар қалбига қўрқув, саросима ва ваҳима солаётган нобакорларнинг найрангига учманг!