Рақамли иқтисодиёт бизга нима беради?

Ўзбекистон яқин келажакда аҳоли турмуш даражасини тубдан яхшилаб, дунёнинг ривожланган 50 мамлакати қаторига киришни мақсад қилган. Бу борадаги ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Дунёдаги нуфузли нашрлардан бири - “Экономист” журнали томонидан Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат сифатида “Йил мамлакати” деб эътироф этилди. Мамлакатимиз “Халқаро ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” рейтингида ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, умумий рейтингда ҳали ҳам жуда ортда қоляпмиз.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир ярим йилда информацион оқим икки баробарга ошиб бормоқда. Жадал суръатларда ривожланиш шароитида рақамлаштириш зарурияти янада ошади. Бу ўз навбатида, жуда кўп ресурсларни талаб қилади. Шу боис ҳозирдан рақамли иқтисодиётга ўтиш муҳим вазифага айланди.

Хўш, рақамли иқтисодиётнинг ўзи нима? Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчиришдир. Рақамли иқтисодиёт ёрдамида иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг рақамли технологияларини қўллаш асосида амалга ошириш мумкин бўлган тизимдир.

Дастлаб бу терминни америкалик дастурчи Николас Негропонте 1995 йилда киритган бўлса-да, у бугунги кунда барча соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Рақамли иқтисодиёт инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини “ақлли” шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатларининг “шаффоф”лигини оширади, ягона электрон платформа орқали давлат хизматларини кўрсатиш имкониятини беради.

Рақамли иқтисодиётнинг янги концепцияси инсон фаолияти доирасидаги барча информацияларни рақамлаштириш технологияларини қўллаб сақлаш, ишлов бериш ва узатишнинг ягона тизимидир.

Иқтисодиётни рақамлаштириш халқаро меҳнат тақсимотига тобора қўшилиб, глобал иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилига айланиб бормоқда. Иқтисодиётни рақамлаштириш орқали ижодий ёндашиб янги иқтисодиётни барпо этиш имконияти туғилади. Иқтисодиётни рақамлаштириш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолиш имкониятидир.

Иқтисодиётни рақамлаштириш даражаси Информацион-коммуникация технологияларини ривожланиш индекси, Иқтисодиёт ва жамиятни европача рақамлаштириш индекси, Рақобатбардошликни халқаро рақамлаштириш индекси, Халқаро эволюция индекси, Иқтисодиётн рақамлаштириш индекси, Алоқа тайёрлик индекси, Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси, Электрон қатнашиш индекси, Глобал қўшилиш индекси каби бир нечта халқаро индекслар ёрдамида аниқланади. Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Бу рейтинглар бир-биридан фарқи иқтисодиётни рақамлаштиришда инобатга олинадиган мезонлардир. Қўйилган мақсад ва вазифага кўра, корхона, тармоқ, ҳудуд, миллий ва глобал иқтисодиёт даражалари танланади.

Рейтингни аниқлаш мезонлари бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Индексларни ҳисоблаш методикаси эса деярли бир хил. Шунинг учун бир мезонни “яхшилаш”, масалан, аҳолини интернет хизмати билан қамраб олиш даражаси барча рейтинг индексларини ҳисоблашда бир хил ижобий таъсир кўрсатади. Мисол учун, информацион коммуникация технологиялари (ИКТ)ни ривожлантириш индексини ҳисоблашда ҳар 100 кишига тўғри келадиган уй телефони ва уяли алоқа линиялари, ҳар бир интернет фойдаланувчисига тўғри келадиган халқаро каналларга чиқиш имконияти, хонадонлар компьютер ва интернет билан таъминланганлик, интернетдан фойдаланувчилар ва бошқа жиҳатлар ҳисоблаб чиқилади. Бундай индексни мамлакат миқёсида, ҳудудлар даражасида тақоссаш учун ишлатиш ҳам мумкин.

Хулоса сифатида оладиган бўлсак, рақамли иқтисодиётни мамлакатимизнинг барча соҳаларида кенг қўллаш иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсишини таъминлаб, пировард натижада аҳолининг турмуш тарзини тубдан яхшилашга олиб келади.

Ахтам НИЗОМОВ,

СамДУ иқтисодиёт ва бизнес факультети доценти. 

Нилуфар РАҲИМОВА, 

СамДУ ўқитувчиси.