Расул Кушербаев: Китоб учун ҚҚСнинг жорий этилгани аҳолини мутолаадан янаям узоқлаштиради

Китоб тайёрлаш, чоп этиш ва реализация қилиш билан боғлиқ ишлар учун қўшимча қиймат солиғининг жорий этилгани аҳолининг китобхонлигини ошириш бўйича олиб бораётган ҳаракатларимизга тўсиқ бўлишини кўпчилигимиз шунчаки жим кузатиб турибмиз. 

Солиқ ва молиячиларимиз бу китоб нархига таъсир қилмайди, деб ишонтиришга ҳаракат қилгани билан аслида анча-мунча таъсир қилгани кўргаям маълум бўлиб турибди.

Аҳолимизнинг китобхонлик даражасига монанд дунёдаги бестселлер асарлар ҳам бизда бор йўғи минг ёки икки минг нусхада чоп этилаётган бир пайтда китоб таннархининг қўшимча қиймат солиғи ҳисобига қимматлашуви ўзидан бир қатор асоратлар қолдиради.

Биринчидан, китобга тўлов қобилияти паст аҳоли қатлами китобдан янаям узоқлашади. Деярли ўқимайди.

Иккинчидан, илм фан йўналишидаги бозорбоп бўлмаган китобларни чоп этиш янада камаяди. Омма ўртасида илм қадри пасаяди. 

Учинчидан, китоб учун харидор топиш илинжида китобларни сифатли чоп этиш, маъно мазмуни билан профессионалларни жалб этиб ишлаш камаяди. Чунки бу ишлар қўшимча маблағ талаб қилади.

Тўртинчидан, "Наманган китоб олами" каби китоб савдосига ихтисослашган нуқталар фойда йўқлиги учун улар каби боғчага ёки бошқа даромадбоп савдо объектига айланади.

Бешинчидан, даромад озлиги сабаб шундоқ ҳам анқонинг уруғидек бўлган туман ва шаҳар марказларидаги китоб билан боғлиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари камайиб, унинг ўрнига оммавий кўнгилочар, ўйин кулгу масканлари кўпайиши авж олиши мумкин.

Олтинчидан, Президентнинг беш ташаббуси доирасида жойлардаги мактаб ва бошқа таълим марказларига масъуллар томонидан нархига мос равишда кўпроқ китоб бериш баҳонасида арзон ва сифатсиз китоблар совға қилиш амалиёти янада ошади. Сифатли ва классик асарлардан иборат китоблар қимматлиги боис расталарда қолади ёки умуман чоп этилмайди.

Бу ишларни кузата туриб табиий савол туғилади: йиллар давомида миллий махсулот ва миллий ғурур, деган гаплар билан автомобиль заводига турли тўлов ва солиқлардан имтиёз беришга рози бўлган давлат ва жамиятимиз наҳот ўз авлодларининг келажаги, ўзлигини сақлаш йўлида хизмат қиладиган китоб учун шундай қурбонлик бера олмаса. Китоб ўқимаган авлодда миллий ғурур, миллий ўзлик, аждодларга ҳурмат, ватанпарварлик бўладими? 

Балки оширворгандирман. Бироқ айримларга ёқмаса ҳам бу шахсий фикрим. Ва, ҳалиям бўлса китоб нархининг ошишига сабаб бўладиган омилларни бартараф қилишга вақт борлигига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барча даражадаги масъулларимиз, шу юрт келажаги, авлодларининг билим ва тафаккури учун бефарқ бўлмаган раҳбарлар, депутатлар ва зиёлиларимиздан китоб учун имтиёзлар берилишини фаол қўллаб-қувватлашга чақираман!