Республикамизнинг олти ҳудудидан келган ёш боксчилар Самарқандда беллашмоқда
Самарқанд шаҳар 1-сон спорт мактабида бокс бўйича 2007-2008 йилларда туғилган ёшлар ўртасида спорт устаси ва халқаро тоифадаги ҳакам Азиз Абдуҳамидов хотирасига бағишланган очиқ турнир старт олди.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоятимиз ва республикадан келган фахрий боксчилар, тренер ва спортчилар иштирок этди.
Марҳум боксчининг шогирдлари ҳамда вилоятдаги бокс фахрийлари ҳамкорлигида ташкил этилган хотира турнирида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сирдарё, Навоий, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан 150 нафардан зиёд спортчи 15 вазн тоифасида беллашмоқда.
- Ёшларни спортга жалб қилиш, вилоятимизда боксни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш мақсадида бундай турнирларни кўпроқ ўтказишимиз керак, - дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири, фахрий боксчи Ўктам Саидмуродов. – Вилоятда бокс спорт турининг ривожига улкан ҳисса қўшган, Самарқанд фарзанди Азиз Абдуҳамидов хотирасига бағишлаб мазкур турнирни ташкил этилишининг сабаби бор. Азиз Абдуҳамидов Самарқанддаги «Динамо» спорт жамоатида бокс мураббийи, кейинчалик бокс мактаби директори вазифасида ишлаган.
Бокс бўйича Ўзбекистон, совет иттифоқи, яъни СССР ҳамда АИБА халқаро тоифадаги ҳакамлигини қўлга киритган. 1974 йилда илк марта ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида СССР давлатидан тўрт нафар ҳакам борган бўлса, шулардан бири Азиз Абдуҳамидов бўлган. Шу каби бир нечта нуфузли халқаро турнирларни бошқарган, ҳакамлик қилган, вилоят, республика терма жамоаларига шогирдлар етказиб берган. Айтиш жоизки, Самарқанд бокс мактабидан ака-ука Александр ва Николай Анфимовлар, Артааш Сааков, Муртазо Жунаидов, Олег Каржаманов, Матат Габриелов ҳамда яна бир нечта Европа ва СССР чемпионлари, халқаро турнирлар ғолиблари етишиб чиққан.
Мусобақа уч кун давом этади ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.
- Хотира турнирларининг ташкил этилиши мусобақаларга тайёргарлик кўриш, кучли ва тажрибали спортчиларни саралашга хизмат қилади, - дейди Каттақўрғон шаҳар спорт мактаби мураббийи Азиз Раимов. – Жумладан, жорий йилнинг декабрь ойида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Ушбу турнир мамлакат чемпионати олдидан иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва терма жамоаларга юқори техникали спортчиларни етказиб беришда имкон яратмоқда.