Россия элчихонаси АҚШни тарихни ўзгартираётганликда айблади

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонни Иккинчи жаҳон уруши ғалабаси тарихини ўзгартиришга йўналтирилган, ёлғонга асосланган дастурлардан воз кечишга чақирди.

Бундай эътироз Иккинчи жаҳон урушига доир эълон қилинган кўрик-танлов шартлари Американинг Венгриядаги дипмиссияси сайтида эълон қилинганидан сўнг билдирилди.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган кўрик-танлов АҚШ Давлат департаменти грантлари асосида ўтказилади. Иштирокчиларга тарихий маълумотларга, урушда иштирок этган одамларнинг оғзаки кўрсатмаларига, “шу билан бирга инсонпарварлик ва қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари, бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушида содир бўлган ваҳшийликлар ва бирдамликлар ҳамда собиқ иттифоқининг ноҳақликларига” эътибор қаратиш таклиф этилган.

“Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш арафасида (АҚШ) Давлат департаменти яна бир бор тарихни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Собиқ иттифоқ халқларини нацизм устидан қозонилган ғалабада асосий ўрин эгаллаганларига соя солмоқчи бўлмоқда. Америка томонини ёлғон тарихга асосланган шарафсиз дастурлардан воз кечишга чақирамиз”, дейилган Россия элчихонасининг расмий Facebook саҳифасида.