Россия ташқи разведкаси раҳбари: Навальнийнинг заҳарланиши Ғарб томонидан уюштирилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас

Россия ташқи разведкаси раҳбари Сергей Наришкин мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши Ғарб махсус хизматлари томонидан уюштирилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Буни истисно қилиб бўлмайди”, деди Наришкин журналистларнинг “Навальний билан боғлиқ вазият Ғарб махсус хизматларининг иши бўлиши мумкинми?”, деган саволига жавобан.

2 сентябрь куни Германия Бундестаги бундесвер лабораторияси мутахассислари Навальний “Новичок” заҳарли моддалар гуруҳига қарашли субстанция билан заҳарланганини аниқлашганлари ҳақида маълум қилди. Шундан сўнг Германия канцлери Ангела Меркель бу ҳолатни қаттиқ танқид қилди.

Орадан бир кун ўтиб, 3 сентябрь куни АҚШнинг Оқ уй матбуот котиби Кейли Макинани АҚШ ўз иттифоқдошлари билан Россияда Алексей Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор бўлганларни жавобгарликка тортиш устида ишлар олиб бораётганини маълум қилди.