Россияда мамлакатнинг бош қонунига ўзгартириш киритиш учун ўтказилган сайлов натижалари эълон қилинди

Россия марказий сайлов қўмитаси барча овозларни ҳисоблаб чиқди. Ҳисоботга кўра, 77,92 фоиз овоз берганлар Россия конституциясига ўзгартириш киритилиши учун овоз берган, ўзгартириш киритилишига қарши томон 21,27 фоизни ташкил этган.

Сайловда жами 67,97 фоиз Россия фуқаролари иштирок этган. Жиддий қоида бузилишлари тўғрисида шикоят бўлмаган.

Россия бош қонунига ўзгартириш киритилиши учун ўтказилган сайловлар 25 июндан 1 июлга қадар давом этди. Дастлаб сайловлар 22 апрель куни ўтказилиши лозим эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли сайлов ўтказилиш санаси кечиктирилди.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг мамлакат Президенти Владимир Путин сайловда иштирок этиб, конституцияга ўзгартириш киритилишини ёқлагани учун россияликларга ўз миннатдорчилигини билдирди.