Россияда Ўзбекистон фуқароларининг маошлари берилмаётгани ва ётоқхонадан мажбурий чиқариб юборилаётгани ҳолати назоратга олинди
Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ходимлари Ўзбекистон фуқароларининг маошлари берилмаётгани ва ётоқхонадан мажбурий чиқариб юборилаётгани тўғрисида 2019 йилнинг 3 декабрь куни ОАВда тарқалган мурожаатини Колпино шаҳрига бориб текширишди.
Ҳамюртларимиз ва «ICA Construction» компаниясининг масъул ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда юртдошларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Вазият Бош консулхона назоратида, дея маълум қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Консуллик ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.