Россиядаги мудҳиш ЙТҲда 4 нафар ҳамюртимиз ҳалок бўлди
Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йил 22 ноябрь куни “Оренбург-Оқбулоқ” трассасида Оренбург вилояти ҳудудида ичида 8 нафар йўловчи, жумладан, 5 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган микроавтобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳамюртларимиздан 4 нафари вафот этди, 1 нафари эса Оренбург вилоят клиник шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олган ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65.