Россиялик мутахассислар Ўзбекистонга етиб келди, улар коронавирусга қарши курашда ёрдам беради

Аввалроқ Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган 40 нафарга яқин  мутахассисдан иборат нуфузли тиббий гуруҳ ташрифи кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик, деб ёзмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Россиялик меҳмонлар Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.

Реаниматолог, пульмонолог, инфекционист, вирусолог, кардиолог, эндокринолог каби мутахассислар бир ой давомида коронавирусга чалинганларни даволаш муассасаларида шифокорларимиз билан ҳамкорликда иш олиб боради. Хусусан, россиялик мутахассислар Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Вируслогия илмий текшириш институти клиникаларида, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида, шунингдек қатор вилоятлардаги шу соҳага ихтисослашган  шифохоналарда фаолият кўрсатиши кутилмоқда, дейилади хабарда.