РТТЁМ Самарқанд вилояти филиалига 15 та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари топширилди

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев иштирок этиб, юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, хусусан, тез тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар натижасида тизим бугунги кун талабига мос даражага кўтарилаётганлигини таъкидлади.

Белгиланган бекатлар ҳайдовчиларига замонавий тез тиббий автомашиналари калитлари тантанали топширилди.

- Президентимизнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг саъй-ҳаракатлари билан филиалимизга яна 15 та замонавий тез тиббий хизмат автомашинлари топширилди, - дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали директори ўринбосари Бекзод Элчиев. – Шу кунгача қарор асосида филиалимизга 52 та янги замонавий автомашиналар топширилганди. Бугунги кунда автогаражимиз 440 тадан ортиқ автомашиналарга хизмат кўрсатиб келяпти. Шулардан 70 фоизини янги автомашиналар ташкил қилади. Белгиланган чора-тадбирларга асосан 2025 йилда яна 50 та замонавий автомашиналар олиб келинади ва 2026 йилдан барча тез тиббий автомашиналаримизни замонавийларига алмаштириш жараёни тўлиқ якунланади. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан филиалимизда ҳам Тошкент шаҳри мисолида марказлашган Call-маркази ташкил қилиниб, тез тиббий ёрдам тўлиқ марказлашган ҳолда амалга ошириб келинмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида марказимиз тиббий ускуналари, техникалари замон талабларига мос ҳолатга келтирилиб, тиббий хизмат сифати ҳам мос равишда ривожланмоқда.

Республика тез тиббий ёрдам маркази вилоят филиалига топширилган замонавий тез тиббий автомашиналар Самарқанд аҳлига хизмат кўрсатишга йўл олди.