"Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур"

14 февраль – Буюк шоир, давлат арбоби, истеъдодли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Бешинчи иқлимдандур. Тули рамзи нужумий 56 даража ва дақиқадур. Арзи 40 даража ва дақиқадур. Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар. Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунга даст топмағон учун балдан маҳфуза дерлар. Самарқанд ҳазрати амирулмўминин Усмон замонида мусулмон бўлғондур. Саҳобадин Қусам ибн Аббос анда борғондур. Қадри оҳанин дарвозасининг тошидадур. Ҳоло мозори шоҳға машҳурдур. Самарқандни Искандар бино қилғондур. Мўғил ва Турк улуси Самарқанд дерлар.

Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур. Қўрғонини фаслнинг устидин буюрдумким қадам урдилар. Ўн минг олти юз қадам чиқти.

Эли тамом сунний ва пок мазҳаб ва мутарриʼ ва мутадаййин элдур. Ҳазрати рисолат замонидин бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлубтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмиш бўлғай. Шайх Абумансурким аиммаи каломдур. Самарқанднинг Мотрид отлиқ маҳалласидиндур. Аиммаи калом икки фирқадур, бирни мотридия дерлар, бирни ашъария дерлар. Мотридия Шайх Абумансурға мансубдур. Яна соҳиби «Саҳиҳи Бухорий» Хожа Исмоил Хартанг ҳам Мовароуннаҳрдиндур. Яна соҳиби «Ҳидоя»ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида «Ҳидоя»дин мўътабарроқ китоби фиқҳ ҳам бўлғой, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидиндур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур.

...Маъмуранинг канорасида воқе булубтур. Шарқи Фарғона ва Қошғар, ғарби Бухоро ва Хоразм, шимоли Тошканд ва Шоҳрухияким Шош ва Банокат битирлар, Самарқанддин икки куруҳ бўлғай. Бу сув ила Самарқанд орасида бир пушти тушибтур, Кўҳак дерлар... Бу сувдин бир улуғ руд айирибтурлар Дарғам суйи дерлар... Самарқанднинг боғот ва маҳаллоти ва яна неча туманоти бу сув била маъмурдур.

Бухоро ва Қоракўлғачаким, ўттиз-қирқ йиғоч йўлға ёвуқлашур. Кўҳак суйи била маъмур ва мазруъдур.

Мундоқ улуғ дарё асло зироаттин ва имораттин ортмас, балки ёз фаслида уч-тўрт ой Бухороға сув етмас. Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жамиʼ меваси хўб бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдур: себи Самарқанд ва соҳибийи Самарқанд.

Қиши маҳкам совуқтур, қори агарчи Қобул қорича тушмас. Ёз вақтларида яхши ҳавоси бор.

«Бобурнома»дан.