Рудакий кўчаси Самарқанд шаҳрининг энг катта кўчаларидан  бири бўлади

Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида  йўлларни реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.

Аввал икки томонлама икки қаторли мазкур йўл бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, транспорт учун 24 метр кенгликда икки томонлама уч қаторли йўл, 7 метр трамвай йўли, 2 метр велосипед ва 7 метр пиёдалар йўлаги бунёд этилмоқда. 3 метр яшил майдонда 1800 дан ортиқ турли манзарали гуллар, йўлнинг икки томонига Европадан келтирилган Ясин дарахт кўчатлари экилмоқда.

Қурилиш ишлари Туркиянинг “Месе йўл” йўл қурилиш корхонаси томонидан замонавий талаблар асосида бажарилмоқда. Жаҳон тажрибасида йўллардан фойдаланишнинг ўзига хос талаблари мавжуд ва унда йўлнинг сифатлилиги ҳамда равонлигига алоҳида эътибор берилади. Мазкур йўл қурилиши ҳам жаҳон андазасидаги талабларга риоя этилган ҳолда бажарилмоқда. 

- Реконструкция қилинаётган қарийб 1 километрлик йўл қурилиши учун республика бюджетидан 13,5 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ҳозиргача 90 фоиз асфальтлаш ишлари бажарилди, - дейди "Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" давлат унитар корхонаси бош мутахассиси Элдор Бекмуродов. - Ишни ўз вақтида якунлашимиз учун йўлдаги канализация тармоқлари қурилишида сусткашлик бироз халал бермоқда. Мазкур қурилишлар битказилгач, қисқа муддатда асфальтлаш ишлари якунига етказилади.

Қурилиш ишлари якунланиши билан шаҳардаги транспорт қатнови изга тушади, тирбандликнинг олди олинади, қолаверса шаҳар кўчалари янгича қиёфа касб этади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.