"Сабаб - иммунитет йўқлиги ва Хитой вакцинасининг паст самарадорлиги": Хитойда янги COVID-19 тўлқини авж олмоқда
Хитойда мажбурий тестларнинг тугаши коронавирус инфекцияси билан касалланганлар ва ўлим ҳолатларини кузатишни қийинлаштирди. Расмийлар ҳозирда касалланганлар сонини аниқ айтиб бўлмаслигини тан олди.
Касалликлар сони кўпайиши шифохоналар ва тиббиёт ходимларига катта босим келтириб чиқарди. Беморларга кутиш хоналари ва коридорларда ёрдам кўрсатилмоқда. Расмийлар одамлардан имкон борича уйда даволанишни сўраган. Крематорийлар юқори нагрузкада ишламоқда.
Соғлиқни сақлаш мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин ойларда мамлакатдаги 1,4 миллиард аҳолининг 60 фоизи коронавирус билан касалланган бўлиши мумкин.
Касаллик кўпайиши, қисман, анъанавий хитой дори-дармонларини афзал кўрадиган 80 ёшдан ошган кексалар орасида эмлашнинг паст даражаси билан боғланмоқда. Шунингдек, мутахассислар сабаб сифатида изоляция туфайли табиий иммунитет йўқлиги ва бошқа вакциналарга нисбатан Хитой вакцинасининг паст самарадорлигини кўрсатмоқда.