“Samarkand Marathon”: Хайрия маблағлари болалар учун спорт майдончалари қуришга ишлатилади
4-5 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Samarkand Marathon” анъанавий халқаро хайрия марафони бўлиб ўтади. Унда 40 га яқин давлатдан уч мингдан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
“Samarkand Marathon” (Самарқанд марафони) халқаро хайрия югуриш мусобақаси – Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан 2019 йилдан буён ўтказиб келиняпти. Пойгалар мамлакатимизда маданият ва санъат муассасаларини инклюзивлик муаммосига жамоатчилик диққат-эътиборини жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт туризмини ривожлантириш вазифаларини ҳал этишга кўмаклашади.
2022 йилда ўтказилган “Samarkand Marathon” ёш тоифалари бўйича “AbbottWMM Wanda Age Group World Championship” жаҳон марафони биринчилигининг саралаш пойгалари рўйхатига киритилган.
Мусобақа қатнашчилари 2, 10, 21, 42 километр масофаларни босиб ўтади ва жорий йил марафон дастурига 5 километрга югуриш ҳам киритилган. Масофалар йўналишлари Самарқанднинг тарихий қисмидан ўтади. Старт ва марра Регистон майдони ёнида жойлашади. Иштирокчилар шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб, тарихий обидалар ён бағридан югуриб ўтади.
Марафон иштирокчиларининг рўйхатдан ўтиш тўловларидан тушган барча маблағлар “Samarkand Marathon”нинг бу йилги хайрия мақсади – болалар учун спорт майдончалари қуришга йўналтирилади.