Самарқанд аэропортида “юк сақлаш хонаси”нинг йўқлиги сайёҳлар эътирозига сабаб бўлди

Самарқанд кунига юз минглаб сайёҳлар ташриф буюрадиган маскан. Аввало, улар юртимиз ҳақидаги илк таассуротга аэропортда эга бўлишади. Уларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида 2018 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг барча халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилиб, божхона назоратидан кесиб ўтиш жараёни соддалаштирилди.

Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин Ўзбекистон Республикасига Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда 1 та рейсда учиб келган йўловчиларга (150-190 киши) багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатдан кўп вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён 30-45 дақиқагача бўлган вақтда амалга оширилмоқда.  

Хўш, яратилган бу имкониятлар сайёҳларга маъқул тушяптими? Бу борада уларда қандай таклифлар бор? Самарқанд халқаро аэропортида вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан сайёҳларга хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида ташкил этилган кичик тадқиқотда шу саволларга жавоб изладик, сайёҳлар фикри ва таклифларини ўргандик.

 Марко БАЛИEРИ, Италия:

- Самарқанд деярли менинг Ватанимга айланди. Ўзбекистонга илк бор 2013 йилда UzCharmExро халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун келган эдим. Ўша пайтдан буён бу диёрга меҳрим ошиб, тадбиркорлик фаолиятимни юргизиб келмоқдаман. Мен Италиядан Самарқандга полиуретан сотишда янги ҳамкорлар топдим. Ҳар йили 50 тоннадан зиёд кимёвий, пластик маҳсулотларни тўқимачилик ва пойафзалларни ишлаб чиқариш учун импорт қиламиз.

Бир неча йил олдин, Тошкент халқаро аэропортида паспорт назоратидан ўтишда ҳамда багаж юкларимни олишда қийинчиликларга дуч келганман. Ўтган йили Ўзбекистон Ҳукуматининг ташаббуси билан юртингизга ташриф буюрадиган Италия давлати фуқаролари учун виза режими бекор қилинди. Натижада биз тадбиркорлар ва сайёҳларга катта имконият берилиб, мамлакатингизга туристларнинг кириб келиши жараёнини соддалаштирди. Шунингдек, аэропортда “яшил” ва “қизил” йўлакларни жорий этилиши  йўловчиларни божхона назоратидан сифатли ва қисқа муддатда ўтишига хизмат қилади. Ўзим божхона назоратидан беш дақиқа ичида ўтдим. Бу жуда ҳам қулай.

Ҳесин МОНИКА, Германия:

- Ўзбекистонга илк бор келишим. Ортиқча оворагарчиликларсиз тезда божхона назоратидан ўтдим. Самарқанд мени маданияти ва архитектура ёдгорликлари билан ҳайратга солди. Бу шаҳардан жуда кўп таассуротлар оламан деб ўйламаган эдим. Ўзбек халқининг миллий таомлари мазали, ҳам арзон экан. Бироқ баъзи бир камчиликлар ҳам дуч келдик. Тарихий ёдгорликларга киришда хорижлик сайёҳлар билан маҳаллий аҳоли учун чипта нархи фарқ қиларкан. Такси хизматидан фойдаланишда ҳам худди шундай жараён. Шаҳрингизда банкоматларнинг камлиги ва борларининг ҳам ишламаслигига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга бепул “WiFi” зоналари ва телефон буткалари кўпроқ бўлса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тим Блиссет ва Мэггий Буюк Британия (эр-хотинлар):

- Ўзбекистон бизларга жуда ёқди. Айниқса, Шаҳрисабзнинг тандир, палов ва кабоб каби тансиқ таомлари, Самарқанднинг Регистон майдонининг тунги чироқлар оғушидаги манзараси бизни ҳайратлантирди. Ўзбекистонликлар жуда меҳмондўст халқ экан. Биз АҚШ, БАА, Туркия, Франция, Германия ва Европанинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлганмиз. Барча мамлакатларда чегара божхона ўтказиш ҳудудларида назорат ўрнатилган ва декларациялашда фуқароларга қулайликлар яратишга эътибор қаратилган. Ўзбекистонга қилган қисқа саёҳатимиз давомида ҳам айнан шу нарсага гувоҳ бўлдик. Англиядан Туркияга, Туркия орқали Самарқандга келдик. Божхона назоратидан ўтишга беш ёки ўн дақиқа вақт сарфладик. Юртингизда жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга ўрнатилган меъёрлар биз учун айни муддао бўлди. Яъни, биз “яшил” йўлак орқали ёзма декларация тўлдирмасдан  божхона назоратидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлганимиздан хурсандмиз.

Наталя ИВАНОВА, Россия:

- Эрта тонгда, оиламиз билан биргаликда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўриш учун Бухородан Самарқандга келдик. Бу Ўзбекистонга илк ташрифимиз. Божхоначилар қўл ва багаж юкларни тезлик билан текширишди. Бу, албатта, яхши ва қулай. Узоқ муддатга навбат кутиб қолмайсиз. Самарқандга келганимизда, шаҳарни томоша қилиш учун юкларимизни аэропортдаги “юк сақлаш хонаси”га топширмоқчи эдик. Бироқ аэропортда “юк сақлаш хонаси” мавжуд эмаслигини қўриқлаш хизмати таъкидлади. Кун бўйи юкимизни судраб, шаҳар айландик.

Ҳусен ҲОЖИПУР, Эрон:

- Ўзим тадбиркорман. Қуруқ мевалар экспорти билан шуғулланаман. Юртингизга уч йил олдин келгандим. Қозоғистон давлатида ўтказилган кўргазма ярмарка савдосида сизнинг диёрингиздаги маҳсулотларнинг мазаси ва сифати мени ўзига жалб этганди. Шундан буён бу ердан қуритилган мева маҳсулотларини БАА, Ироқ, Эрон ва Туркия каби давлатларга экспорт қилиб келаман. Мамлакатингизда товарларни экспорт қилишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар бундан самарали фойдаланишмоқда. Эрон аэропортида битта йўлак мавжуд. Ундан ҳамма йўловчилар ҳаракатланишади. Сизда эса икки йўлакли тизим. Бу жуда қулай. Ортиқча вақт сарфламайсиз.

Биз сайёҳлар билан суҳбат қуриб, вилоятимизда туризм соҳасида мавжуд баъзи бир камчиликларни билиб олдик. Мақсад битта. Хато ва камчиликларни кўрсатиш эмас, аксинча, учраётган муаммоларни бартараф этиб, хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан мамлакат бюджетига салмоқли ҳисса қўшишдир.

Замира БОЛТАЕВА суҳбатлашди.