Ҳолванинг ҳақи

Бир қария кексалиги туфайли касалхонага тушиб қолди. Бир йигит ҳар куни кўргани келарди. У билан бирга ўтирарди. Отанинг овқатланишига ёрдам қиларди.

Сўнг ювинтириб, шифохона ҳовлисини сайр қилдирарди. Отахон чарчагач, хонасига келтириб ётқизарди. Меҳр билан устини ёпар ва"Яхши дам олинг, ота", деб чиқиб кетарди.

Хонага кирган ҳамшира қариядан сўради:
- Субҳаналлоҳ! Амаки, шу йигит ўғлингизми, ҳар кун келиб сизга жуда ғамхўрлик қилади?

Отахон дераза томонга тикилганча:
- Қани эди ўғилларимдан бири бўлганда... Бу йигит болалигида етим бўлиб қолган, қўшни маҳалладан. Бир куни у болалик пайтида масжид эшиги олдида йиғлаб турганини кўрдим. Унинг бошини силадим, етаклаб ҳолвачини олдига бордим ва ширин ҳолвадан сотиб олиб бердим. У хурсанд бўлиб еб олди.

Кейинчалик ёлғиз қолганимизни билиб қолибди, кампиримни ўз уйига олиб борди ва келинга парвариш қилишни тайинлади, мени эса йўқ дейишимга қарамай шу ерга ётқизиб кетди. Ўшандан бери ҳар куни ҳолимдан хабар олади. Мен ундан "Нега бизни деб ўзингни шунчалик машаққатга қўясан, ўғлим?", десам, у табассум қилиб "Ўша ҳолванинг таъми ҳалигача оғзимдан кетмайди, ота" дейди.

Кўзлари ҳавасдан порлаган ҳамшира лабини тишлаганча хонадан чиқиб кетди.