Самарқанд – асрларни ўзида мужассам этган тарих
Самарқанд нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунё тамаддунининг энг қадимги марказларидан бири бўлиб, жаҳон маданияти ва фани ривожига катта ҳисса қўшган шаҳарлардан. Темурийлар яратган архитектура ёдгорликлари бугун дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳридаги маданий меросимиз, тарихий архитектура ёдгорликларини тиклаш ва қайта таъмирлаш, айниқса, эски шаҳар қисмини қайта қуриш, ободонлаштириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Бугун тарих ва замонавийлик уйғунлиги асосида қад ростлаган ал-Мотуридий, қайта тикланаётган Имом ал-Бухорий мажмуалари шулар жумласидан.
Самарқанднинг тарихий маданияти илдизлари эрамиздан аввалги I минг йилликларга бориб тақалади. Асрлар мобайнида 10-15 метргача кўмилиб кетган археологик қазилмалари билан машҳур бўлган қадимий Афросиёб аҳолиси VI-VIII асрларда ҳозирги Самарқанд шаҳри яқинидаги тепаликларда, тахминан 2 квадрат километр майдонда яшаган. Самарқанд шаҳрида қад ростлаган обида-ю иншоотлар кўркамлиги, маҳобати ҳамда улуғворлиги билан ўз даврида ном қозонган. Бугун ҳам ушбу анъана давом этмоқда. Меъморчилик намуналари деворларидаги нақшлар, турли кўринишдаги геометрик шаклларнинг барчаси муайян маъно касб этиши билан ҳам ўзига хос.
Қадимги Афросиёб тепаликлари бўйлаб Шоҳизинда меъморчилик ансамблининг 11 та мақбара ҳамда мажмуаси жойлашган бўлиб, улар қандайдир режа асосида эмас, ўз-ўзидан юз йиллар давомида барпо этилган. Шоҳизинда (“Тирик шоҳ”)нинг шуҳрати Афросиёб гуллаб-яшнаган даврларда шу даражада юқори эдики, ўша даврдаги ислом пешволари у билан курашишга ҳайиқишганлиги манбааларда келтириб ўтилган. Унинг шуҳрати тўғрисида халқ орасида афсоналар мавжуд. Улардан бири Муҳаммад Қусам ибн Аббос пайғамбаримизнинг амакиваччаси эканлиги ҳақида.
Эски шаҳарга кириш дарвозаси олдидаги майдонда жойлашган “Бибихоним” номидаги гўзал масжид эса тўртта иншоотдан иборат бўлиб, бир-бири билан айланма гумбазли ва уч қаторли тош деворлар орқали боғланган - кириш галерияси, асосий масжид ва иккита кичик масжидлардир.
Самарқанд – ҳар бир обидаси, иншоотида йиллар, асрларни мужассам этган ўзига хос тарих, афсонавий шаҳар. Жаҳон тамаддунига бешик бўлган бу шаҳарнинг тарихий илдизлари, ривожи ҳамда жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси хусусида нафақат мамлакатимиз олиму фозиллари, балки жаҳоннинг таниқли тадқиқотчилари ҳам изланишлар олиб бориб, ҳали ҳануз янгидан-янги маълумотлар тақдим этишмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна Самарқанд неча асрларки, инсониятни лол қолдиришда давом этмоқда.
Фарангиз ЖАББОРОВА,
Регистон ансамбли гид-экскурсаводи.