Самарқанд ахборот хизмати ходимларининг жамоатчилик билан ишлаш тажрибаси ўрганилди
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги ахборот хизмати ходимлари иштирокида “Ахборот хизмати ходимларининг жамоатчилик билан самарали ишлашда Самарқанд тажрибаси” мавзусида амалий семинар ўтказилмоқда.
Семинар доирасида дастлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати медиа маркази очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Мафтуна Саидова ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда соҳадаги муаммоларни бартараф этишда ахборот хизматининг ўрни нечоғлик муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади. Аҳолининг ахборотга бўлган талабини қондириш, жамиятдаги ўзгаришларни холис етказиш борасида айни пайтдаги муҳим масалаларни ташкилотларнинг ахборот хизматлари самарали олиб бораётганлиги қайд этилди. Бошқармада ташкил этилган медиа марказ санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни, унинг самарадорлигини оширишда муносиб хизмат қилиши таъкидланди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникасида ўтказилаётган “Ахборот хизмати ходимларининг жамоатчилик билан самарали ишлашда Самарқанд тажрибаси” мавзусида амалий семинарда қўмита ахборот сиёсати масъуллари, вилоятлар ахборот хизматлари ходимлари иштирок этиб, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати фаолиятини атрофлича ўрганиб, тўпланган самарали тажрибаларни оммалаштириш бўйича амалий тавсиялар муҳокама қилинмоқда.
Икки кунлик семинар давомида тизимда фаолият юритаётган ахборот хизматлари ходимлари вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар, адлия бошқармалари масъуллари, шунингдек, вилоятдаги нуфузли оммавий ахборот воситалари мутасаддилари иштирокида ахборот олиш, тарқатиш, танқидий чиқишларга муносабат билдириш, долзарб мавзулардаги баёнотларни бериш тартиблари борасида зарур кўникмаларга эга бўлишди.