Зарарли ҳаводан нафас олаётган аҳоли дардини кимга айтсин?
Оқдарё туманидаги Бошдархон, Пўлатдархон ва Холвойи маҳаллаларида яшаётган аҳоли томонидан ҳокимлик ва яна бир нечта ташкилотларга Фарҳод шаҳарчаси Ширин маҳалласи ҳудудида жойлашган маиший оқова-чиқинди сувларни тозалаш иншоотидан Оқдарё ўзанига тушаётган оқизмадан чиқаётган сассиқ ва бадбўй ҳидга чидаб бўлмаётганлиги шикоят қилинган.
Ҳолат юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиш ўтказилди.
Ширин маҳалласи ҳудудида жойлашган маиший оқова-чиқинди сувларни тозалаш иншооти 1979 йилда қурилиб, фаолияти йўлга қўйилган. Жаҳон банки томонидан берилган маблағ ҳисобидан 2017-2018 йилларда реконструкция қилинган.
Аниқланишича, маиший оқова-чиқинди сувларни тозалашга мўлжалланган иншоотдан Оқдарё ўзанига ташланаётган сув ўткир сассиқ ва бадбўй ҳид таратмоқда. Оқдарё ўзанида сув оқмаётганлиги сабабли дарё ўзанида фақатгина тўлиқ тозаланмаган оқова-чиқинди сувлар бир жойга йиғилиб қолган. Мана шу йиғилиб қолган, номига тозаланган оқова-чиқинди сувнинг бадбўй ҳиди шамол билан ён-атрофга тарқалмоқда.
Аҳоли ушбу маиший оқова-чиқинди сувларни тозалаш иншооти илгари уларга халақит бермаганлиги, ҳамма воқеа канализация тармоғига бир қатор саноат корхоналари қўшилганидан кейин юз бераётганлигини билдирди. Хусусан, Бошдархон маҳалласи ҳудудида жойлашган “Соя Барака Самарқанд” МЧЖга қарашли корхона оқова-чиқинди сувларини шаҳарча маиший канализация тармоғига ташлашни бошлаганидан кейин ушбу ҳолат юз бераётганлиги таъкидланди. Аҳоли мазкур корхона ўз ҳудудида кимёвий саноат чиқиндиларини зарарсизлантирувчи иншоотни қуриши ва шаҳар канализациясига кимёвий жиҳатдан тозаланмаган чиқинди сувларни ташламаслигини талаб қилмоқда.
- 2019 йилдан буён тарқалаётган сассиқ ҳиддан азият чекамиз, - дейди Бошдархон маҳалласида яшовчи Маҳкам Давлатов. - Кейинги пайтда уйда ўтириб, овқатланиб ҳам бўлмай қолди. Ўзанга тушаётган сувга фарзандларимиз чўмилиб, сассиқ ҳаводан нафас олиб, турли касалликларни юқтириб олмоқда. Ҳолат бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, лекин натижа бўлмаяпти.
Вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълумотига кўра, маиший оқова-чиқинди сувларни тозалаш иншоотидан Оқдарё ўзанига “шартли” тозаланган оқова-чиқинди сувлар таркибини ўрганиш мақсадида лаборатория таҳлиллари ўтказилганда таҳлиллар оқова-чиқинди сувлар тўпланиб қолган Оқдарё дарёси ўзанида меъёрдан анча баландлигини кўрсатган.
- Бошдархон маҳалласидаги 20 хонадон пишма қудуқларидан сув намуналари олиниб, лабораторияда текширувдан ўтказилганда 8 та ҳовлидан олинган ичимлик суви таркибида кўп миқдорда аммиак ва нитритлар мавжудлиги аниқланди, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассиси Бердибой Алимов. – Бунинг асосий сабаби, “Соя Барака Самарқанд” МЧЖнинг оқова-чиқинди сувларни тозалаш иншооти саноат чиқинди сувлари қўшилгандан кейин ўз вазифасини бажара олмай қолган, яъни саноат чиқинди сувлари қўшилган маиший оқова-чиқинди сувларни тозаламаяпти.
Мазкур корхонада 4 дона тиндиргич бўлиб, оқова-чиқинди сувлари ундан ўтиб кетмоқда. Натижада атрофга ёқимсиз ҳид тарқаши билан бирга, аҳоли фойдаланаётган қудуқлардаги сув таркибида аммиак ва нитрит учраяпти. Аслида, аҳоли истеъмол қиладиган ичимлик суви таркибида бундай моддалар умуман бўлмаслиги керак. Йўқса, қон билан боғлиқ ва бошқа турли касалликлар юзага келади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудуд аҳолисида 129 ҳолатда онкологик, гепатит B, С, ошқозон яраси, қандли диабет, сурункали бронхит, артериал гипертензия каби касалликлар қайд этилган.
Юқоридаги ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида “Соя Барака Самарқанд” МЧЖда бўлдик. Афсуски, корхона масъулларидан лаборатория таҳлиллари олингани ва белгиланган муддатда жавоби чиқишидан бўлак жавоб ололмадик.
Муаммони айтган билан амалда бартараф этилмаса, муаммолигича қолаверади. Аҳолини қийнаб келаётган бу каби муаммолар ҳал этилиши учун эса масъуллар эътибори керак бўлади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.