Самарқанд бирдамлик ташаббусининг аҳамияти ошиб, амалий ҳаракатларни тақозо қилмоқда

Глобал миқёсда мисли кўрилмаган ишончсизлик шароитида умумий хавфсизликни таъминлашга янги ёндашувларни излаш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 24-саммитида сўзлаган нутқида қайд этди.

Давлат раҳбари ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Шу нуқтаи назардан, у умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Ўзбекистон томони илгари сурган Самарқанд бирдамлик ташаббусини амалга ошириш долзарблигини таъкидлади.

Қайд этиш лозим, Президентимиз 2022 йилда “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурган эди.

Унинг мазмун-моҳияти минтақавий ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал этиш бўйича мулоқотни йўлга қўйишдан иборат.

Кичик иқтибос

“Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.”

Аслида, ҳар бир жумла, ҳар бир гап алоҳида таҳлил, чуқур мушоҳадага ундайдиган маърузадаги шу мисолнинг ўзиёқ кўп нарсага ойдиклик киритади. Мисол учун, Исроил Ғазода геноцид содир этганликда айланиб, Халқаро суд олдига келтирилди. Адолат нуқтаи назаридан қараганда, айни пайтда Исроил билан муносабатлар тўхтатилмаган тақдирда ҳам унга ёрдам берилмаслиги керакми?

Аммо шундай шароитда Исроилга энг йирик қурол етказиб берувчилар АҚШ ва Германия бўлиб қолмоқда.

Албатта, бунга ҳамма жим қараб тургани йўқ. Хусусан, Никарагуа Ғазога нисбатан геноцид жиноятининг олдини олиш тўғрисида конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузгани учун Германияга қарши Халқаро судга даъво аризаси берган.

Германия мисолида ишонч дарз кетгани билан адолат тикланаётган эканку, дейиш мумкин. Бироқ давлатимиз раҳбарининг кейинги гаплари масала аслида нақадар жиддийлигини яна ойдинлаштирган:

“Глобал сиёсий ва иқтисодий “парчаланишлар”, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда.”

Ўзгариш ўзимиздан бошлансин!

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, давлатимиз раҳбари айни шундай ташаббусни илгари сурган:

“Давлат раҳбари мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини қабул қилишга чақирди”.

Президентнинг бу чақириғи халқимизнинг ўзинг ўзгармасанг, олам ўзгармас нақлини ёдга солади. Зотан, ҳар қандай шахс ёки жамият ўз қарашлари, муносабат ва ҳаракатларини ўзгартириши билан бошқаларни ўзгартириши мумкинлиги асрлар мобайнида исботланган ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталиб, ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг замонавий чақириқлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш борасидаги фаолиятини, шу жумладан, ШҲТ МАТТ орқали яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Маъруза билан танишаркансиз, у айни дамда кенг кўламли ва чуқур асослантирилганига гувоҳ бўласиз. ШҲТ иқтисодий йўналишда стратегик ютуққа эришиш учун ташкилот доирасида савдо тартиб-қоидаларини енгиллаштириш тўғрисидаги битим, мавжуд рақамли савдо майдончаларини интеграциялашган ҳолда электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш, жумладан, фонд ва ШҲТ тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Йўл қурган етар муродга

Қадимий бу нақл ҳам бугун янгича мазмун касб этмоқда. Бинобарин, бугун янги йўллар қуриш, бу орқали халқаро алоқаларни, пировардида, бутун минтақа барқарор ривожланишининг таъминлаш мумкин.

Шу жиҳатдан, бу масала ҳам давлатимиз раҳбарининг эътибордан четда қолмади. Жумладан, Ш.Мирзиёев ШҲТ мамлакатлари иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантиришга хизмат қиладиган Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишлари бўйлаб инклюзив транспорт тизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари, шунингдек, логистика тартиб-таомилларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, жумладан, ШҲТ давлатлари чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар бўйича маълумотларнинг электрон алмашинувини ташкил этишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиётга ўтиш, «сунъий интеллект» ва илғор ИТ ечимларни жорий этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Қўшнинг тинч – сен тинч

Янги Ўзбекистон шароитида бу масала давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисмига айлангани бугун барчага бирдек аён. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик алоқалари йўлга қўйилгани, улар билан чегара масалалари босқичма-босқич ҳал этилаётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Аммо яна бир қўшни, айни дамда жафокаш яна бир халқ борки, уларга халқаро ҳамжамиятнинг эътибори нафақат, ўзлари, балки минтақа учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки Афғонистонда ҳукумат тепасига Толибон ҳаракати келган кундан буён нафақат узоқ давлатлар, шу билан бирга қўшни мамлакатлар билан ҳам яқин муносабат ўрната олгани йўқ.

ШҲТдаги нутқи давомида Президентимиз Афғонистоннинг амалдаги расмийлари билан муносабатларни йўлга қўйишдаги ёндашувлардаги фарқларга ишора қилиб, Кобул билан мулоқотни давом эттиришга чақирди.

Шу муносабат билан «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳи фаолиятини тиклаш таклифи долзарблиги таъкидланди.

Умуман, Остана шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида 25 та муҳим ҳужжат имзоланди.

ШҲТга раислик Хитой Халқ Республикасига ўтди.

Ёқубжон Марқаев.